Сурхондарё вилоятида инфратузилмани яхшилаш учун 1 триллион 900 миллиард сўм маблағ ажратиляпти, дея хабар бермоқда «Газета.uz» мухбири. Бу ҳақда президент Сурхондарё вилоятида жамоатчилик вакиллари, вазирлик ва идоралар раҳбарлари билан йиғилишда маълум қилган.

Президент йиғилиш очиқ бўлиши кераклигини таъкидлаб, маҳаллий кенгаш депутатларига муаммолар ҳақида айтишларини сўради.

«Дўст бўлсангиз, муаммоларни айтинглар. Биз уларни эшитиб, ҳал қилгани келганмиз. Жаноб Президент бугун шу масалани ҳал қилиб беринг, халқимизга қийин десангиз, биз шунга эътибор қиламиз. Албатта, ҳаммасини бирданига ҳал қилиш қийин, аммо биринчи навбатда кўриб чиқамиз, ечимини топамиз. Сурхондарё вилоятида инфратузилмани яхшилаш учун 1 триллион 900 миллиард сўм маблағ ажратиляпти. Депутатлар қаерга йўл, қаерга боғча бўйича аниқ таклифлар билан чиқсин», — дейди Шавкат Мирзиёев.

Давлат раҳбари 4 та сектор раҳбарларининг одамлар олдидаги масъулиятини ошириш ҳақида ҳам таъкидлади.

«Сизлар ўз ҳудудингиздаги муаммони билмайсизми? Дод деганларнинг уйига боринглар, яхшидан кўра, ёмоннинг уйига боринглар, уларнинг тилидан эшитинглар, кўринглар ва улар тушунадиган тилда гапиринглар. Кабинетга қоровуллик қилиш ўрнига одамлар олдига, уйига бориб муаммоларни ҳал қилиш керак. Ёшлар, хотин-қизлар, темир дафтар бўйича ишлаш керак», — деди президент.