Президент Шавкат Мирзиёев Сурхондарё вилояти фаоллари билан учрашувида вилоятни янада ривожлантириш бўйича вазирлар ва ҳокимларга тегишли топшириқлар бергани, бунинг натижасини эса аҳоли албатта ҳис қилиши кераклигини таъкидлади, дея хабар бермоқда «Газета.uz» мухбири.

«Сурхондарёда 100 минг киши ишсиз, 80 минг нафари чет элда… Ҳокимлар бўйинбоғини ечиб қўйиб, ҳафтада бир кун фуқаролар орасида юриб, масалаларни ҳал қилса, мен ундан рози бўламан… Тошкент кўмак бериши керак, лекин вилоятлар ўзини аравасини ўзи тортиши керак», — дея таъкидлади у.

Президент депутатлар одамларни муаммоларини ўрганмаётгани ҳақида гапирди.

«Мана кеча, кўплаб одамлар „президент билан учрашишим керак“, деяпти. У ҳам бизни ҳалқ. Нимага депутатлар бориб гаплашмайди? Нимага уларни муаммосини ўрганмайди? Қилса бўлади-ку… Мени қоғоздаги рақамлар қониқтирмайди. Халқни рози қилмасак, уларни ишонтирмасак, эртага улар бизни қўллаб-қувватламайди. Шунинг учун бугун масалани ўртага қўйинглар, савол беринглар. Мен Сурхондарёга муаммоларни ҳал қилиш учун келганман», — деди у.