Айни вақтда Сурхондарё вилояти фаоллари билан мулоқот чоғида президент Шавкат Мирзиёев савол бериш, муаммо ва таклифларни ўртага ташлашни сўраб, бунга қарши бўлганлар хиёнатчи бўлишини таъкидлади. Бу ҳақда «Газета.uz» мухбири хабар бермоқда.

«Сурхондарёда Тошкентга боғлиқ бўлган бирорта муаммо қолгани йўқ. Ҳаммасини вилоятни ўзида ҳал қилса бўлади… „Президент келсин ҳал қилиб берсин“, деб ўтираверсак, муаммолар ўз ечимини топмайди… Бугунги йиғилишда фақат мулоқот бўлади. Президентга савол берма, деган одам — хиёнатчи», — деди у.

Шунингдек, давлат раҳбари вазирлар вилоятдаги муаммоларни ҳал қилиш чораларини кўрмагунича, пойтахтга қайтмаслигини қўшимча қилди.

Йиғилишда ёшлар масалаларига ҳам эътибор қаратилди.

«Алишер [Саъдуллаев] ёшлар билан гаплашиб, нима муаммолари бор, уларни нима қилишни истаяпти, қайси соҳага ўз ҳиссасини қўшмоқчи, қандай таклифлари бор, шуларни ўрганиб, бир ҳафтадан кейин таклифларни киритади», — деди президент.