Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 31 май куни «Технопарк» компанияси амалга оширишни режалаштираётган инвестицион лойиҳалар билан танишди. Бу ҳақда давлат раҳбари матбуот хизмати хабар қилди.

Жумладан, йилига 1 миллион дона кир ювиш машиналари (асосий ҳамкорлар — Samsung Electronics ва Whirlpool), 15 минг тонна мис қувур (Jiangsu Xingrong ва Otto Junker), 3000 та саноат сув иситкичлари, 75 мингта тижорат музлаткичлари ва совуткичлари, 1 миллион квадрат метр HPL-панел ва сэндвич-панеллар, шунингдек, 30 минг тонна базальт тошидан изоляция материалларини ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш режалаштирмоқда.

Жорий йилда амалга оширилиши режалаштирилган лойиҳалар доирасида 2000 дан ортиқ иш ўринлари очилиши кутилмоқда.

Тошкент ҳокими ўринбосари — инвестициялар ва ташқи тижорат бошқармаси бошлиғи Шароф Раҳмонов «Ўзбекистон 24» телеканалига берган интервьюсида лойиҳалар қиймати 150 млн доллардан ошишини маълум қилди.

«Ўзбекистон 24» лавҳаси

Тошкент ҳокимияти томонидан таъсис этилган «Технопарк» қатор саноат лойиҳаларини амалга оширмоқда. Улардан айримлари, жумладан, электрон сув ҳисоблагичларни ишлаб чиқариш лойиҳасида президентга 1 февраль куни тақдим этилган эди. Лойиҳалар инесторлари орасида Abu Dhabi Uzbek Investment фонди ҳам тилга олинган.

2020 йил бошидан компания Osten савдо белгиси остида ақлли газ ҳисоблагичлар ишлаб чиқаришни йўлга қўйган эди. «Газета.uz»даги маълумотларга кўра, лойиҳа 2021 йил июлига қадар қиймати 5,28 трлн сўмга (Марказий банкнинг 1 декабрь ҳолатига кўра 507 млн долларга яқин) тенг 3,54 миллион дона электрон ускуналарни етказиб беришни кўзда тутади.

«Интеллектуал Мулк» ахборот-қидирув тизими маълумотларига кўра, Osten савдо белгисини рўйхатга олишга ариза Artel Engineering and Management ва J-United Group компаниялари (ягона таъсисчиси — Тошкент ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев) томонидан топширилган