Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 31 май куни туризм, шаҳар инфратузилмаси, саноат соҳаларидаги лойиҳалар тақдимоти билан танишди, дея хабар қилди давлат раҳбари матбуот хизмати.

Тақдим этилган лойиҳалардан бири — Тошкент халқаро аэропортидан шаҳар марказига ўтишдаги кўприкни кенгайтириш. Ҳозирги йўл ўтказгич 1967 йилда қурилган ва 2008 йилда кенгайтирилган.

Йўл ўтказгичнинг ҳозирги кўриниши. «Ўзбекистон 24» канали лавҳаси.

«Пойтахтимиз ривожланиши ва транспортлар сони ошиши билан уни реконструкция қилиш эҳтиёжи пайдо бўлди», — дейилади хабарда. Шу боис ушбу кўприкнинг Кичик ҳалқа йўли билан кесишган жойида айланма шаклидаги йўл ўтказгич қуриш режалаштирилган. Унинг узунлиги 650, эни 30 метр бўлиши мўлжалланган.

Пезидент матбуот хизмати хабарида ушбу муҳандислик ечимининг автотранспортларнинг кўприкка чиқиши ва тушишини осонлаштириши, йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаши ҳамда яқин атрофдаги кўчаларда ҳам тирбандлик камайишига хизмат қилиши таъкидланган.

Тақдим этилаётган лойиҳа.

Тақдим этилган лойиҳага кўра, объектни 22 ой ичида фойдаланишга топшириш кўзда тутилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, 2020 йилнинг май ойида Оҳангарон шоссеси ва Махтумқули кўчалари чорраҳасида мамлакатдаги биринчи уч даражаси боғлама очилган эди. Унинг қурилиши 2018 йилда бошланган. Бироқ унинг мукаммал ўйлаб чиқилмагани ва ҳайдовчилар учун ноқулай экани, пиёдалар ҳаракатини қийинлаштиргани кўзга ташланиб қолди.