Республикада йўл ҳаракати соҳасидаги муаммоларни комплекс ўрганиш ва амалий муаммоларни бартараф этиш бўйича идоралараро ишчи гуруҳи ўз фаолиятини бошлади, дея хабар қилди ИИВ матбуот хизмати.

Гуруҳ таркибига Ҳукумат, ички ишлар, транспорт, молия вазирликлари, автомобиль йўллари қўмитаси ва бошқа мутасадди идоралар ва ташкилотларнинг раҳбар ва малакали мутахассислари киритилган.

Гуруҳ томонидан йўлларда ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш ва йўл-транспорт ҳодисаларининг барвақт олдини олишнинг бугунги кундаги ҳолати комплекс равишда ўрганилиб, илғор хорижий тажрибаси ва илмий ёндашувларни қўллаш асосида норматив-ҳуқуқий ва манзилли ташкилий-амалий чоралар ишлаб чиқилади.

Алоҳида эътибор, йўл инфратузилмаси билан боғлиқ жиддий муаммолар — йўлларнинг ҳолати, пиёдалар ўтиш жойи, йўл белгилари, тартибга солинмаган чорраҳалар ва бошқаларга қаратилиб, уларни тубдан яхшилаш бўйича ҳар томонлама чоралар кўрилади.

Йўл ҳаракати хавфсизлиги бўйича аҳолини қийнаётган муаммолар ўрганилиб, кўриладиган комплекс чора-тадбирлар ҳақида жамоатчиликка ахборот берилади ҳамда фуқаролар томонидан билдирилган таклифлар синчковлик билан ўрганиб чиқилади, дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ январь-апрель ойларида Ўзбекистонда жами 2242 та йўл-транспорт ҳодисаси қайд этилгани ҳақида хабар берган эдик. Авариялар натижасида 557 киши ҳалок бўлган бўлса, яна 1684 киши жароҳатланган.

Авариялар юзага келишига сабаб бўлган омиллар қаторида тезликни ошириш — 32,4 фоиз, пиёдалар ўтиш йўлаклари йўқлиги сабабли белгиланмаган жойдан ўтиш — 16,2 фоиз, устувор ҳуқуққа эга транспорт воситасини ўтказиб юбормаслик — 11,6 фоиз, қарама-қарши йўналишга чиқиб кетиш — 9,3 фоизни ташкил этган. Шу билан бирга, 4 фоиз авария йўл ҳаракатини нотўғри ташкил этиш ва йўллардаги носозликлар, яна 4,1 фоизи эса велойўлаклар бўлмаган жойларда уларни уриб юбориш каби ҳолатларга тўғри келмоқда.

Шу билан бирга, 4 ой давомида болалар иштирокидаги ЙТҲ сони 25,3, уларда ҳалок бўлган болалар сони 64,5 фоизга ошган.