Сирдарёда машинанинг газ баллони ёрилиши оқибатида икки нафар йўловчи вафот этди. Бу ҳақда ФВВ матбуот хизмати хабар бермоқда.

1 июнь соат 03:40 да Қашқадарё вилоятида яшовчи фуқаронинг бошқарувидаги «Ласетти» автомашинаси Сирдарё вилояти Оқолтин тумани ҳудудидан ўтувчи «Термиз-Тошкент» йўлида ҳаракатланиб кетаётган вақтда автомашинага ўрнатилган газ баллонида ёрилиш содир бўлган.

Натижада автомашинада бўлган икки нафар йўловчилар воқеа жойида вафот этган. Ҳайдовчи ва бир нафар йўловчи турли даражада жароҳат олиб, Оқолтин тумани тиббиёт бирлашмасига жойлаштирилган.

Ҳозирда вилоят ИИБ, ФВБ, ССБ ва прокуратура ходимлари томонидан ҳолат юзасидан дастлабки терговолди суриштирув ишлари олиб борилмоқда.