Давлат хавфсизлик хизмати гиёҳвандлик моддалари ва психотроп воситаларни аниқлаш ва мусодора қилишнинг бир нечта ҳолатлари тўғрисида хабар берди.

ДХХ Бухоро вилояти бошқармаси ходимларининг Давлат божхона қўмитаси билан ҳамкорликда ўтказган тезкор тадбири давомида «Самарқанд — Тошкент» йўналиши бўйича ҳаракатланаётган Lacetti русумли автотранспорт воситаси Сирдарё вилоятидаги «Янгиобод» ЙПХ масканида тўхтатилган.

Автомашина текширилганда йўловчи сифатида кетаётган чет эл фуқароси ҳамда Тошкент шаҳрида яшовчи маҳаллий фуқаро ёнида 3 кг 165 грамм «опий» гиёҳвандлик воситаси ҳамда 35 дона психотроп таблетка борлиги аниқланиб, процессуал тарзда расмийлаштириб олинган.

Терговга қадар текширув ҳаракатлари давомида улар мазкур гиёҳванд моддаларни Самарқанд шаҳридаги автотураргоҳда халқаро юк ташувчи автомашина ҳайдовчиси бўлган чет эл фуқаросидан 15 минг АҚШ долларига сотиб олганликлари маълум бўлди.

Ушбу хорижлик ҳайдовчи вақтинча бўлиб турган Самарқанд шаҳридаги автотураргоҳ ҳамда унинг бошқарувида бўлган юк автомашинанинг салон қисмида 15 минг АҚШ доллари ҳамда у томонидан автотураргоҳнинг ёрдамчи биносига яшириб қўйилган 3 кг 960 грамм «опий» гиёҳвандлик моддаси борлиги аниқланиб, холислар иштирокида расмийлаштириб олинди.

Аниқланишича, Афғонистонда етиштирилган ушбу наркотик моддалар учинчи давлат орқали Ўзбекистонга олиб кирилган.

ДХХ Фарғона вилояти бошқармаси томонидан ўтказилган тезкор тадбирда «Тошкент — Қўқон» йўналишида ҳаракатланиб келаётган Nexia-1 русумли автотранспорт воситаси Данғара тумани ҳудудида тўхтатилган. Автомашина текширилганда, унда йўловчи сифатида кетаётган Тошкент вилоятининг Бекобод шаҳрида яшовчи 3 нафар фуқарога тегишли бўлган 1 кг дан ортиқроқ оғирликдаги «гашиш» гиёҳванд моддаси борлиги аниқланиб, тегишли тартибда расмийлаштириб олинган.

Маълум бўлишича, ушбу гиёҳванд модда Тожикистон Республикасида 7 минг АҚШ долларига сотиб олиниб, сўнгра Тошкент вилояти Бекобод тумани ҳудудига контрабанда йўли билан олиб ўтилган.

Фарғона туманида яшовчи, 1987 й.т. фуқаро Қирғизистоннинг Қадамжой туманида истиқомат қилувчи шахс томонидан ўзбек-қирғиз давлат чегарасидаги сим тўсиқлар устидан улоқтирилган 1 кг 367 грамм «гашиш» гиёҳвандлик моддасини қабул қилиб олиб, келгусида сотиш мақсадида ўз хонадонига яшириб қўйган. ДХХ ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда унинг хонадонидан ушбу гиёҳвандлик моддаси процессуал тартибда расмийлаштириб олинди.

Фарғона туманида кузатилган яна бир ҳолатда 1981 й.т., муқаддам судланган фуқаро ўз яшаш хонадонида 1981 й.т. ҳамқишлоғидан 983 грамм «гашиш» моддасини қабул қилиб олган вақтида ДХХ ходимлари томонидан ушланди. Шунингдек, гиёҳвандлик моддасини қўшни давлатдан олиб ўтишга кўмаклашган 1995 й.т. учинчи шахс ҳам қўлга олинди. Аниқланишича, ушбу гиёҳвандлик воситаси Қирғизистонда 6500 АҚШ долларига сотиб олиниб, контрабанда йўли билан республика ҳудудига олиб ўтилган.

ДХХ Наманган вилояти бошқармаси ва вилоят божхона бошқармаси ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда «Наманган — Тошкент» йўналишида ҳаракатланаётган Наманган шаҳрида яшовчи, 1987 й.т. фуқаро бошқарувидаги Nexia-3 автомашинаси Қамчиқ довонида жойлашган ЙПХ масканида тўхтатилган. Автомашинанинг салон қисмида Қирғизистон Республикасидан ноқонуний олиб келинган 2800 дона капсуладаги «Регапен» ва 1309 дона флакондаги «Тропикамид» кучли таъсир қилувчи дори воситалари борлиги аниқланиб, процессуал тарзда расмийлаштириб олинган.

Ҳозирда ушбу шахсларга нисбатан қўзғатилган жиноят ишлари доирасида зарур чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.