31 май куни Қашқадарё вилояти ҳокимлигида вилоят мактабгача таълим бошқармаси фаолиятига бағишланган танқидий йиғилиш ўтказилди. Йиғилишда вилоят ҳокими Зойир Мирзаев бошқарма бошлиғи Асрор Алимардоновни масъулиятсизликда айблаб, боғчалардаги ортиқча текширувлар ҳақида гапирди, дея хабар бермоқда Nasafnews.

«Бугун ҳамма туман ва шаҳар мактабгача таълим бўлими раҳбарлари бўшатилади. Бундан кейин бўлим раҳбарларига ҳокимлар тавсия беради. Ишлайман деган раҳбар келиб, ўзини дастури ва таклифи билан бизни таништиради», — деди вилоят ҳокими.

Зойир Мирзаевнинг таъкидлашича, ҳудудлардаги боғчаларда текширувчилар жуда кўп бормоқда. Аммо борадиган текширувчилар (бошқарма ходимлари назарда тутилган) боғчага ёрдам эмас, зарар келтирмоқда.

«Овқатини ичиб, чойини ичиб, кейин қонини ҳам ичиб кетаяпти», — дейди у.

Хабарга кўра, вилоят ҳокими ўринбосари Рустам Йўлдошев ва бошқарма бошлиғи Асрор Алимардонов жиддий танқид остига олинди.

Раҳбарлар танқидий йиғилиш ҳақидаги хабарномани туманларга етказмагани, оқибатда Қарши шаҳар ва Чироқчи тумани, Шаҳрисабз шаҳридан кўплаб богчалар мудиралари йиғилишга келмагани таъкидланди.

Ташкилий масалага эътибор қилмагани учун Рустам Йўлдошев 3 ойлик иш ҳақини давлатга қайтариб тўлаши маълум қилинди. Унинг котибият мудирига эса ҳайфсан эълон қилинди, дейилади хабарда.

Йиғилишда Зойир Мирзаев барча туман мактабгача таълим бўлими раҳбарлари вазифасидан озод этилиб, 3 ойлик синов муддатида вазифасини бажарувчи этиб тайинланишини таклиф қилди.

Апрель ойида президент Шавкат Мирзиёев ишдан олинган сектор раҳбарларини «сиёсатга ҳиёнатчи» деб атаган эди. «Ишдан олинганлар ишлаган давридан бошлаб ҳамма ойлигини давлатга топширсин. Телевизорда расмини чиқазиб, „хиёнатчи“ деб бериш керак», — деган эди давлат раҳбари.