Aввалроқ, Aндижонда келин ўз қайнонасини жойнамоз устида кетмон билан чопиб ўлдиргани айтилаётганлиги ҳақида хабар берилган эди. Бош прокуратуранинг «Газета.uz»га хабар беришича, аёл унинг собиқ келини эмас, балки у билан турмуш қурган эркан ўлдирган.

Қайд этилишича, М.Э. (гумонланувчи, 1977 й.т.) 14 апрель куни соат 17:42 ларда, ўзи яшаб келаётган Олтинкўл тумани «Марказ» МФЙ, Маориф кўчаси 27-уй олдида, мазкур хонадонда яшовчи М.Эргашева (1942 й.т.) билан хонадонни девор билан бўлиш масаласи юзасидан ўзаро тортишиб, қўлида бўлган кетмон билан М.Эргашеванинг бош қисмига уриб, «оғир» шикаст етказиб, унинг ўлимига сабабчи бўлган.

Aйбланувчи М.Э. ўзининг кўрсатмаларида, М.Эргашева (марҳума) яшаш хонадонидан кетмон олиб чиқиб, «вой-дод мени уряпти» деб бақирганлиги сабабли, уни «барибир урди деб» туҳмат қилади деб, қўлидаги кетмонни олиб бошига бир маротаба урганлигини билдирган.

Иш бўйича асосий гувоҳ ҳисобланган, Ў.У. айбланувчи М.Э. яшаш хонадони ичкарисида усталар билан жанжаллашиб, уларни қувлаб кўчага кетмон билан чиққанлиги, шу вақтда кўчада марҳума М.Эргашева турганлигини кўриб, уни олдига кетмон билан югуриб бориб, бир марта кетмонни кесувчи қисми билан бошига уриб, М.Эргашевани ерга йиқитганлигини, сўнг кетмон билан қолган усталар томонга урмоқчи бўлиб кетаётганида, уни қўлидаги кетмонни ўша ерда бўлган усталар қўлини қайириб олиб қўйишиб, уни ушлаб ички ишлар ходимларига топширганлигини билдирган.

Суд тиббий экспертиза хулосасига кўра, М.Эргашевани мурдасида «бош мия ёпиқ шикасти, бош гумбаз ва асос суякларини очиқ синиши, бош мия тўқимасининг мажақланиши, бош мия лат ейиши, бош мия тўқимасига қон қуйилиши, узунчоқ мия, Воралиев кўприги, мияча, ўрта мия ва орқа мия бўйин соҳалари пардалари остига, мия тўқималарига ўчоқли қон қуйилишлари, бош ўнг чакка тепа соҳасида чопилган ва лат еб йиртилган яралар, бош ўнг чакка тепа сахасида тери ости қон қуйилиши, ўнг кўз юқори ва пастки қовоқлар, ўнг қулоқ супраси соҳаларида шилинма ва қонталашлар, ўнг қўл 5-кафт суягини очиқ синиши, чап ва ўнг қўл ўнг ён бош соҳаларида шилинмалар, қонталашлар» аниқлангани, ушбу жароҳатлар унинг ўлимига сабабчи бўлганлиги кўрсатилган.

Ҳолат бўйича ҳодиса жойи кўздан кечирилганда 2 дона хўжалик кетмони, 1 дона темир кетмон ва қонга ўхшаш доғлардан намуналар олинган.

Гумонланувчи М.Э. дан 14 апрель куни олинган қон намунасида 1,5% этил спирти борлиги аниқланган.

М.Э. 14 апрель куни ЖПКнинг 221-моддаси (Ушлаб туриш асослари) тартибида ушланиб, унга нисбатан 15 апрель куни ЖКнинг 104-моддаси 3-қисми «д» банди (Жабрланувчининг ўлишига сабаб бўлган қасддан баданга оғир шикаст етказиш) билан айб эълон қилиниб, қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси танланган.

Бош прокуратура ахборот хизмати раҳбари Хаёт Шамсутдиновнинг қўшимча қилишича, гумонланувчи М.Э. марҳуманинг собиқ келини билан турмуш қурган.