Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати 29 май куни ялпи мажлисда «Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги тўғрисида"ги Қонунга қўшимча ва ўзгартишлар киритишни маъқуллади. Бу ҳақда парламент юқори палатаси матбуот хизмати хабар қилди.

Қонун қуйидаги шахсларни Ўзбекистон фуқаролигига қабул қилишни кўзда тутмоқда:

  • 2005 йил 1 январга қадар (амалдаги таҳрирда — 1995 йил 1 январга қадар) Ўзбекистон ҳудудида доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олинган ва муқаддам чет давлат фуқаролигига эга бўлмаган шахслар;
  • 15 йил давомида Ўзбекистон ҳудудида фуқаролиги бўлмаган шахс моқомида яшаб келаётган шахслар;
  • ота-оналаридан бири Ўзбекистон фуқароси деб тан олинган, чет давлат фуқаролигини қабул қилмаган ва Ўзбекистонда яшайдиган болалар.

2005 йил 1 январга қадар мамлакат ҳудудида доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олинган ва муқаддам чет давлат фуқаролигига эга бўлмаган ҳамда 15 давомида Ўзбекистон ҳудудида фуқаролиги бўлмаган шахс моқомида яшаб келаётган шахсларни Ўзбекистон фуқароси сифатида тан олиш таклифини президент Шавкат Мирзиёев 2020 йил 29 декабрь куни парламентга мурожаатида илгари сурган эди.

Ўзбекистон фуқаролиги тўғрисидаги қонунга тузатиш ва ўзгартишлар киритиш 2021 йилги Давлат дастурида ҳам кўзда тутилган.

Қонун кучга кириши учун президент томонидан имзоланиши лозим.