Ўзбекистон коронавирус пандемияси сабабли 2021 йилга қолдирилган Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг учинчи маслаҳат учрашувининг юзма-юз форматда ўтказилишини кутмоқда, дея маълум қилди Ўзбекистон президенти матбуот котиби Шерзод Асадов.

Марказий Осиё давлатлар раҳбарларининг учинчи маслаҳат учрашуви дастлаб 2020 йилнинг августида Бишкекда ўтказиш режалаштирилган эди, бироқ COVID-19 коронавируси пандемияси сабабли аввал кузга, сўнгра 2021 йилга қолдирилди. Кейинроқ Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов маҳаллий ОАВга берган интервьюсида саммитнинг 2021 йил Туркманистонда бўлиб ўтиши мумкинлигини маълум қилди.

«Ушбу йўналишдаги ишлар давом этмоқда. Аммо энг аҳамиятлиси, биз учрашувнинг юзма-юз форматда бўлиб ўтишини таъминлаш устида иш олиб бормоқдамиз. Онлайн формат кўзда тутилаётгани йўқ», — деди Шерзод Асадов брифингда учинчи учрашувнинг эҳтимолий муддатлари ҳақидаги саволга жавоб берар экан.

Ўзбекистон президенти матбуот котиби пандемия шарт-шароитлари бугунги кунда навбатдаги саммитнинг жойи ва вақтини айтишга имкон бермаёганини таъкидлади.

«Биз ҳамкорларимиз билан бир йилдан буён навбатдаги учрашувга тайёрланмоқдамиз. Имзолаш учун жуда кенг ва залворли ҳужжатлар пакети тайёрланмоқда», — дея қўшимча қилди давлат раҳбари матбуот котиби.

Эслатиб ўтамиз, Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг биринчи маслаҳат учрашуви 2018 йилнинг мартида Қозоғистон пойтахти Нурсултонда, иккинчиси эса 2019 йил ноябрида Тошкентда бўлиб ўтган эди.