Олий Мажлис Сенати жума куни бўлиб ўтган ялпи мажлисда қурол ва унинг ўқ-дорилари муомаласи соҳасида янги жавобгарлик чораларини кўзда тутган қонунни рад этди, дея хабар қилди «Газета.uz» мухбири.

Сенатор, Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси аъзоси Фарҳод Боқиев ҳисобот билан чиқди ва нима учун ушбу ҳужжатни рад этиш кераклиги бўйича тушунтириш берди.

Янги қонун Жиноят кодекси (ЖК) ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга (МЖТК) ўзгартиришлар киритишни назарда тутади. Жумладан:

  • ЖКнинг 248-моддасида ўқотар қуролни, ўқ-дориларни, ўқотар қуролнинг асосий қисмларини, портловчи моддаларни ёки портлатиш қурилмаларини қонунга хилоф равишда ишлаб чиқариш, таъмирлаш, олиш, олиб ўтиш, жўнатиш, сақлаш, олиб юриш, ташиш, улардан фойдаланиш учун жавобгарлик белгиланмоқда.
  • МЖТКнинг 185-моддасида ўқотар қуроллардан белгиланган тартибни бузган ҳолда отиш учун жавобгарлик белгиланган.

«Демак, ҳар иккала ҳолатда ҳам фойдаланиш ва отиш битта маънони англатиши келгусида суд-тергов амалиётида муаммолар юзага келишига ёки танлов асосида нормаларни қўллашга сабаб бўлиши мумкин бўлади», — деди сенатор.

Сенаторнинг фикрича, ўқотар қуролдан қонунга хилоф равишда фойдаланиш учун 248-моддада жавобгарлик белгиланиши келгусида қонуний эгаликдаги ўқотар қуролдан жиноят қуроли сифатида фойдаланган ҳолда содир этилган жиноятлар (қасддан одам ўлдириш, қасддан баданга оғир ёки ўртача оғир шикаст етказиш, ўлдириш ёки зўрлик ишлатиш билан қўрқитиш, безорилик ва ҳ.к.) билан бир қаторда қўшимча квалификация қилинишига олиб келади.

Фарҳод Боқиев юқоридагиларни инобатга олиб, 248-моддани қайта кўриб чиқиш мақсадга мувофиқ ҳисобланишини таъкидлади.

Бундан ташқари, Жиноят кодексининг 249-моддасига ўзгартириш киритилиб, унда ўқотар қурол, оғиз қисмидаги қувват 7,5 жоулдан юқори ва калибри 4,5 миллиметрдан ортиқ бўлган пневматик ов қуроли, оғиз қисмидаги қувват 3 жоулдан юқори бўлган пневматик спорт қуроли, тиғли совуқ қурол (ов пичоқлари, ов ханжарчалари ва ханжарлар, рапиралар, шпагалар ва қиличлар), улоқтириш қуроли (камонлар, арбалетлар ва найзалар) муомаласи қоидаларини бузиш одам ўлимига ёхуд бошқа оғир оқибатларга сабаб бўлса, жиноий жавобгарлик келиб чиқиши белгиланмоқда.

Сенаторнинг фикрича, ЖКнинг 249-моддасида белгиланаётган қилмиш ушбу кодекснинг 248-моддасида назарда тутилган қилмишларни такрорламоқда.

«Мазкур ҳолат нормаларни суд-тергов амалиётида қўллашда чалкашлик ва қийинчиликларни вужудга келтиради», — деди у.

Шунингдек, МЖТКнинг 185-моддасида Ўзбекистон ҳудудида фуқаровий ва хизмат қуроли сифатида муомалада бўлиши тақиқланган ашёларнинг қонунга хилоф равишда муомалада бўлиши учун маъмурий жавобгарлик белгиланган. Буни 2020 йил 21 октябрда мақуллаганмиз ва 5 ноябрдан кучга кирган. Шу муносабат билан Фарҳод Боқиев 249-моддани қайта кўриб чиқишни таклиф қилди.

МЖТКнинг 185-моддаси янги таҳрирда баён этилиб, унда қуролдан белгиланган тартибни бузган ҳолда отиш ва фойдаланиш учун маъмурий жавобгарлик белгиланмоқда. Бироқ, «Қурол тўғрисида"ги Қонуннинг 9-моддасида давлат ҳудудида қурол муомиласи билан боғлиқ чекловлар белгиланган бўлиб, унда қуролдан отишга нисбатан чеклов ёки тақиқ белгиланмаган.

«Мазкур модда диспозициясидаги отиш учун ажратилган жойларда белгиланган тартибни бузган ҳолда қуролдан отиш, шунингдек, қуролдан фойдаланиш учун ажратилган жойларда белгиланган тартибни бузган ҳолда қуролдан фойдаланиш деган жумлалар ҳам тушунарсиз баён этилган бўлиб, унда „белгиланган тартиб“ деганда қандай тартиб назарда тутилаётганлиги, ким томонидан белгиланишига очиқлик киритилмаган», — дея таъкидлади сенатор.

Таклиф этилаётган МЖТКнинг 220-моддасида давлат органларининг хизмат қуроли ва унинг ўқ-дориларидан фойдаланиш ҳуқуқига эга мансабдор шахсларига қуролни реализация қилиш, ташиш, коллекциялаш ҳамда кўргазмага қўйиш учун ҳам маъмурий жавобгарлик кўзда тутилиб, унда ушбу мансабдор шахсларга хизмат қуроллари реализация қилиш, ташиш, коллекциялаш ҳамда кўргазмага қўйиш ҳуқуқи билан берилишини англатмоқда.

Фарҳод Боқиевнинг фикрича, хизмат қуроллари ва унинг ўқ-дориларидан фойдаланиш ҳуқуқига эга бўлган давлат органларининг мансабдор шахслари ва махсус хизмат вазифаларига эга юридик шахслар ходимларига фақатгина сақлаш, олиб юриш ва ундан фойдаланиш қоидаларини бузганлиги учун жавобгарликни белгилаш тўғри бўлар эди. Шу боис, таклиф қилинаётган МЖТКнинг 220-моддасини концептуал жиҳатдан қайта кўриб чиқиш зарур.

Фарҳод Боқиев.

Сенатор қонун лойиҳаси ташаббускорлари томонидан Ўзбекистонда қурол ва унинг ўқ-дорилари муомиласи билан боғлиқ муносабатларни тартибга солувчи «Қурол тўғрисида"ги Қонуннинг амалдаги ижроси, унинг нормаларини қўллашда вужудга келган муаммолар таҳлил қилинмаганини таъкидлади.

Жумладан, жойларда ўтказилган ўрганишлар мамлакатда «Қурол тўғрисида"ги Қонуннинг ижроси ва ўқотар қуролнинг муомиласи билан боғлиқ қатор тизимли муаммолар борлигини кўрсатмоқда. Хусусан, ҳозирги кунга қадар қуролга эгалик қилишга тўсқинлик қилувчи касалликлар рўйхати тасдиқланмаган.

Яъни бу билан ўқотар ов қуролига эгалик қилиш учун фуқарога нисбатан тиббий чекловлар мавжуд бўлса-да, унинг спиртли ичимликларга ружу қўйганлиги, гиёҳвандликка мубтало бўлганлиги рухсатнома олиш учун тўсқинлик қилмайди.

Шунингдек, қурол эгаларини тиббий чекловлар бўйича даврий равишда текшириш, уларнинг яқин қариндошлари орасида руҳий касалликка чалинган, спиртли ичимликка ружу қўйган, гиёҳвандликка мубтало бўлган шахсларга эътибор қаратиш механизмлари мавжуд эмас.

Шу билан бирга, ўқотар ов қуроллари ҳамда пневматик ва ўзини ўзи ҳимоя қилиш қуроллари билан кириш таъқиқланган объектлар учун умуммажбурий тартиб ўрнатилмаган.

«Ушбу ҳолатлар, ўз навбатида турли салбий оқибатларга олиб келиши мумкин. Бунга мисол қилиб, сўнгги йилларда дунё мамлакатларида қурол ва унинг ўқ-дорилари муомиласи билан боғлиқ рўй бераётган салбий ҳолатлар, шу жумладан яқинда Россия Федерациясининг Қозон шаҳридаги мактабда содир этилган аянчли ҳолатни келтириш мумкин», — деди сенатор.

Сенаторнинг фикрича, юқоридагиларни инобатга олиб, соҳада вужудга келган муаммоларни комплекс таҳлил қилиб, сўнгра амалдаги «Қурол тўғрисида"ги Қонун ва бошқа қонунчилик нормаларини тубдан такомиллаштириш масаласини ўрганиб чиқиш ва шундан сўнггина ЖК, МЖТКда жавобгарлик чораларини белгилаш мақсадга мувофиқ ҳисобланади.

Эслатиб ўтамиз, президент 2019 йилнинг июлида «Қурол тўғрисида«ги қонунни имзолаб, қурол муомаласи ҳамда ундан фойдаланишга нисбатан қатъий қоида ва талабларни белгилаган эди.