Ўзбекистонда 15 апрель маданият ва санъат ходимлари куни этиб белгиланади

Сенаторлар 15 апрель санасини Ўзбекистон маданият ва санъат ходимлари куни этиб белгилашга оид қонунни маъқуллади. Мазкур сана 1935 йил 15 апрелда Вашингтонда имзоланган «Рерих пакти» халқаро шартномаси билан боғлиқ. Шунингдек, қонун билан соҳа фидокорлари айни шу куни «Маданият ва санъат фидокори» кўкрак нишони билан такдирланиши кўзда тутилмоқда.

Сенаторлар Сайлов кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритишни маъқуллади

Сенатнинг 15 ялпи мажлисида Сайлов кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритишга оид қонун лойиҳаси маъқулланди. Унга кўра, эндиликда сайлов бюллетенида номзоднинг эгаллаб турган лавозими, иш жойи кўрсатилмаслиги, қолаверса, фуқаролар овоз беришда нафақат паспорт, балки ID-карталар орқали ҳам ўз шахсини тасдиқлаши мумкин.

«Одамлар Ўзбекистонда коррупция йўқлигига ишониши керак» — президент

«Энди тизим бундан ҳам қаттиқ бўлади, мана шуни билинглар. Қонун устувор — жазо муқаррар бўлиши керак. Одамлар Ўзбекистонда коррупция йўқлигига ишониши керак. Ҳамма ҳоким хулоса қилиши керак», — дея таъкидлади Шавкат Мирзиёев. Президент коррупциянинг олдини олиш учун соҳаларни рақамлаштириш зарурлигини қайд этди.

Хоразмдаги иккита авария оқибатида 5 нафар мактаб ўқувчиси вафот этди

Хоразм вилоятининг Янгиариқ туманида Nexia автомобили 11 нафар юқори синф ўқувчиларини уриб кетди. Олган тан жароҳатлари оқибатида улардан уч нафари воқеа жойида, яна бир нафари шифохонада оламдан кўз юмган. Урганч туманида содир бўлган бошқа бир ЙТҲда юк машинаси 2-синф ўқувчиларини уриб юборган, улардан бири воқеа жойида вафот этган.

«Иложсизликдан ёлғон кўрсатма берган». ИИВ Андижонда 5 ойлик келиннинг зўрлангани юзасидан расмий маълумот берди

ИИВ Андижонда 5 ойлик келиннинг зўрлангани ҳолати бўйича тергов ҳаракатлари давомида аниқланган маълумотларни эълон қилди. Унга кўра, «аёл айрим шахслар мажбур қилгани учун иложсизликдан ёлғон кўрсатма берганини айтган». Суд тиббий экспертизаси эса жабрланувчи баданида зўрлик аломатлари йўқлигини аниқлаган. Жиноят ишининг олти нафар гумондорга тегишли қисми тугатилади.

Тошкент ва Москва «Спутник V»ни Ўзбекистонда ишлаб чиқаришга келишиб олди

Тошкент ва Москва Ўзбекистон ҳудудида «Спутник V» вакцинасини ишлаб чиқаришни йўлга қўйишга келишиб олди, дея маълум қилди РФ Соғлиқни сақлаш вазири Михаил Мурашко. Ўзбекистон томони ушбу таклифни 2020 йилнинг декабридаёқ билдирганди. Ўшанда ишлаб чиқариш майдони сифатида Tashkent Pharma Park ҳудуди таклиф этилган.

1 июндан интернет тезлиги «…гача» қўшимчасисиз кўрсатилади

«Ўзкомназорат» инспекцияси оператор ва провайдерларга 1 июндан бошлаб интернет тезлиги тарифларини «…гача» қўшимчасисиз кўрсатиш бўйича кўрсатма берди.

Сенат Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияни ратификация қилди

Сенат Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияни ратификация қилди. Шу билан Ўзбекистон ногиронлар учун инфратузилмаларни такомиллаштириш ҳамда уларнинг ҳуқуқларини кафолатлаш бўйича халқаро мажбуриятларни зиммасига олмоқда.

Ўзбекистон Президенти давлат хавфсизлик хизмати тўғрисидаги қонун маъқулланди

Сенаторлар Ўзбекистон Президенти давлат хавфсизлик хизмати тўғрисидаги қонунни маъқулладилар. ПДХХ 2018 йил январида ташкил этилган, бироқ унинг фаолияти давлат раҳбарининг ёпиқ қарорлари асосида тартибга солинар эди.