Сенатнинг 15 ялпи мажлисида «Ўзбекистон Республикасининг Сайлов кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги қонун муҳокама қилиниб, сенаторлар томонидан маъқулланди.

Мажлисда амалдаги сайлов тўғрисидаги қонунчиликнинг таҳлиллари сайловчилар билан учрашувлар ўтказиш ҳамда сайлов комиссияларининг ҳаракатлари ва қарорлари устидан шикоятлар бериш борасида айрим муаммолар мавжудлигини кўрсатаётгани қайд этилди.

ЕХҲТ сайловлари бўйича миссияси томонидан эса сайловчилар билан учрашувларни ўтказиш учун алоҳида рухсатнома талаб этилмаслигини ва номзодлар уларнинг ўтказиш жойи ва вақти ҳақида тегишли ҳокимликларни 3 кун олдин ёзма равишда хабардор қилиши лозимлигини белгилаш тавсия этилган.

ЕХҲТ сайловлари бўйича миссияси сайлов комиссияларининг ҳаракатлари ва қарорлари устидан берилган шикоятларни фақат суд кўриб чиқишини белгилашни тавсия қилган.

Шундан келиб чиқиб, Сайлов кодексига қуйидаги ўзгартишлар киритилмоқда:

  • юқори турувчи сайлов комиссияларининг ваколатларидан қуйи турувчи сайлов комиссияларининг ҳаракатлари ва қарорлари устидан берилган шикоятларни кўриб чиқишни чиқариб ташлаш;
  • Ўзбекистон президенти сайловини ўтказиш бўйича округ сайлов комиссияси комиссия раиси, раис ўринбосари, котиби ва 11 — 18 нафар комиссия аъзосидан иборат таркибда тузилишини белгилаш;
  • сайлов бюллетенида номзоднинг эгаллаб турган лавозими (машғулотининг тури), иш жойи кўрсатилиши ҳақидаги нормани чиқариб ташлаш;
  • сайловда сиёсий партия ёки номзодларни қўллаб-қувватлаб имзо қўйишда фуқаролар паспорт билан бир қаторда идентификация картаси орқали ҳам шахсини тасдиқлаши мумкинлигини белгилаш;
  • сайловчилар билан учрашувлар каби оммавий тадбирлар уларнинг ўтказилиши жойи ва вақти ҳақида туман (шаҳар) ҳокимликлари камида 3 кун олдин ёзма равишда хабардор қилинган ҳолда ўтказилиши, бунда, ушбу оммавий тадбирларни ўтказиш учун рухсатнома талаб этилмаслигини белгилаш.

Сенаторлар ушбу қонунни қабул қилиш миллий сайлов қонунчилигини умумэътироф этилган халқаро сайлов стандартлари асосида янада такомиллаштиришга хизмат қилади деган фикрда.

Ҳужжат президент томонидан имзоланган ва ОАВда эълон қилинган кундан кучга киради.