24 май куни Хоразм вилоятининг Янгиариқ туманида Nexia 2 автомобилини тумандаги 22-cонли мактабнинг олти нафар 11-синф ўқувчиларини босиб кетди, деб хабар бермоқда «Хоразм» телеканали.

Авария соат 17:40 ларда «Янгиариқ — Хонқа» автомобиль йўлининг 14 километрида содир бўлган. Енгил машина ҳайдовчиси бошқарувни йўқотиб, йўл четида кетаётган мактаб ўқувчиларини уриб кетади. Шундан сўнг, автомобиль каналга тушиб кетади.

ЙТҲ натижасида олган оғир тан жароҳатлари оқибатида тўрт нафар мактаб ўқувчиси вафот этган (уч нафари воқеа жойида, бир нафари — шифохонада). Яна икки нафар ўқувчи оғир тан жароҳатлари билан шифохонага етказилган.

Ҳайдовчига нисбатан Жиноят кодексининг 266-моддаси 3-қисми (Транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш одамлар ўлимига сабаб бўлса) билан жиноят иши қўзғатилди. Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Репортажда шунингдек, 19 май куни Урганч туманида содир бўлган бошқа бир ЙТҲ ҳақида ҳам сўз боради. Эрталабки соат 9:50 лар атрофида МАЗ юк машинасининг ҳайдовчиси «Оёқбоғ» маҳалласидаги ички йўлдан кетаётганида тумандаги 2-сонли мактабнинг икки нафар 2-синф ўқувчиларини уриб юборади.

Натижада ўқувчилардан бири воқеа жойида вафот этган, иккинчиси эса ўнг оёқ болдир суяги синиши ташҳиси билан туман шифохонасига ётқизилган.

Ушбу ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 266-моддаси 2-қисми (Транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш одам ўлимига сабаб бўлса) билан жиноят иши қўзғатилиб, ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.