Сенатнинг 15 ялпи мажлиси кун тартиби доирасида «Ўзбекистон Республикаси маданият ва санъат ходимлари кунини белгилаш тўғрисида"ги қонуни муҳокама этилди.

Мазкур қонун ишлаб чиқилишида Маданият вазирлиги, «Ўзбеккино» миллий агентлиги, Ўзбекистан Бадиий академияси, Ўзбекистан Ёзувчилар уюшмаси, Ўзбекистан композиторлари ва бастакорлари уюшмаси, Ўзбекистан театр арбоблари уюшмаси, Республика маънавият ва маърифат маркази ҳамда кенг жамоатчиликнинг таклифлари ҳисобга олинган.

Шунга кўра, соҳа ходимларини қўллаб-қувватлаш мақсадида қонун билан 15 апрель Ўзбекистон Республикаси маданият ва санъат ходимлари куни сифатида белгиланмоқда.

Ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси раиси Бахтиёр Сайфуллаев нега айнан ушбу сана танлаб олинганига изоҳ берди.

«Тарихга назар ташласак, мазкур сананинг нишонланиши, 1935 йил 15 апрелда Вашингтонда 21 давлат раҳбарлари томонидан дунё тарихидаги биринчи бор Халқаро бадиий ва илмий муассасалар ва тарихий ёдгорликларни ҳимоя қилиш тўғрисидаги халқаро шартноманинг имзоланиши билан боғлиқлигини кўрамиз. Ушбу шартнома унинг муаллифи шарафига «Рерих пакти» деб номланган. Ўша йили Нью-Йоркда «Рерих пакти»нинг расмий рамзи тинчлик байроғига бағишланган байрам бўлиб ўтган», — деди қўмита раиси.

Таъкидланишича, ушбу пакт маданий бойликларнинг ҳимояси ҳамда уларга ҳурмат келтириш бўйича умумий тамойилларни ўз ичига олади.

«Хатто, ҳарбий зиддиятлар вақтида ҳам маданий мерос ҳимоясининг заифлашувига йўл қўйилмайди ва ўз аҳамиятини йўқотмайди. Натижада, ушбу ҳужжат тарихий ва маданий бойликлар ҳимояси бўйича қабул қилинган, Венециянинг кўплаб акт ва тавсияномалари, шунингдек, 1954 йилда қабул қилинган Гаага конвенцияси учун ҳам асос қилиб олинган», — деди сенатор.

Айни пайтда дунёнинг кўплаб давлатларида ушбу сана Халқаро маданият куни сифатида нишонланади. Хусусан, 2008 йилдан Италия, Испания, Россия, Аргентина, Мексика, Куба, Латвия ва Литва каби давлатларда 15 апрель — Халқаро маданият куни Тинчлик байроғи остида тантана қилинади.

Мамлакатда маданият ва санъат соҳасини ривожлантириш, ўзбек миллий маданияти ва санъати нуфузини жаҳон миқёсида ошириш, ёш истеъдод эгаларининг қобилияти ва салоҳиятини рўёбга чиқариш борасида фидокорона меҳнат қилган ва юқори натижаларга эришган юртдошларимиз айнан мана шу байрам кунида «Маданият ва санъат фидокори» кўкрак нишони билан такдирланиши кўзда тутилган.

Сенаторлар қонунни халқ ижодиёти ривожлантириш, маданият ва санъат соҳасидаги маҳоратли ижрочи ва ижодкорлар, профессионал кадрларни тайёрлаш тизимини такомиллаштириш, миллий санъатимиз намуналари жаҳон саҳнасида эътироф этилиши учун шароитлар яратишда муҳим аҳамиятга эга деб эътироф этишди.

Ушбу қонун сенаторлар томонидан маъқулланди ва Сенатнинг тегишли қарори қабул қилинди.