Президент Шавкат Мирзиёев 28 май куни кўп қаватли уй-жойлар барпо этиш ва уларга хизмат кўрсатиш тизимини такомиллаштириш масалалари муҳокамаси юзасидан видеоселектор ўтказди. «Газета.uz» мухбири хабарига кўра, давлат раҳбари йиғилишда соҳадаги коррупция ҳолатларига ҳам тўхталиб ўтган.

«Коррупцияни олдини олиш бўйича менга таклифлар керак. [Таклифларни] ҳаммасини мужассам қилиб, ҳаммани кўзини очиб бериш керак. Рақамлаштиришни амалга оширмасак, коррупцияни йўқ қила олмаймиз. Энг катта масала — рақамлаштириш. Пулларни иқтисод қилиб, одамларни манфаатдорлиги, розилигини ошираверсак, жамият бошқа бўлади. Жамият ўзгаради, сифат, муддат ва адолат», — деди у.

Шавкат Мирзиёев иқтисодиёт соҳасини «коррупциядан ҳоли» қилиш кераклигини қайд этди. Унинг сўзларига кўра, сўнгги вақтларда Самарқанд вилоятида коррупциявий жиноятларни содир этиш кўпайиб бормоқда.

«Нимага коррупция бўлаяпти? Нимага ер сотаяпти? Қаерга қараяпти бу ноинсофлар? 1 июлдан бошлаб ким мана шундай қилса, туман ва шаҳар ҳокими… қонун бор унга. 50 минг доллар пора олаётганда қўлга тушаяпти, мошина олишда қўлга тушаяпти, 30 минг билан қўлга тушаяпти. Бу нима, Самарқандда тизим бўлиб кетганми? Ҳамма вилоятларга тегишли», — деди президент.

Давлат раҳбари у ёки бу давлат идорасида коррупциявий жиноятлар содир этилса, биринчи раҳбар ҳам ишдан кетишини айтди.

«Энди тизим бундан ҳам қаттиқ бўлади, мана шуни билинглар. Қонун устувор — жазо муқаррар бўлиши керак. Одамлар Ўзбекистонда коррупция йўқлигига ишониши керак. Ҳамма ҳоким хулоса қилиши керак. Алоҳида коррупция бўйича қарорни тезлаштириш керак, қонун устувор — жазо муқаррарлигини кўрсатиш керак», — дея таъкидлади у.

Шавкат Мирзиёевнинг сўзларига кўра, «улар ўғрилик қилиши учун пул топиб берилгани йўқ. Балки, одамларни оғирини енгил қилиш учун қилинаяпти». «Деҳқонободда ичимлик суви йўқлиги — мени армоним. Юриб, кўриб, 27 йил [муаммони] кўрмасликка олганмиз», — деди у.

Аввалроқ, мазкур йиғилишда давлат раҳбари 2 йил давомида уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш соҳасидаги 100 га яқин мансабдор коррупциявий жинояти учун жавобгарликка тортилганини маълум қилгани ҳақида ёзган эдик.

Бунга қадар, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори Акмал Бурхонов президент давлат хизматчиларининг даромадлари ва мулкини декларация қилиш тизимини жорий этишни тезлаштириш бўйича топшириқ берганини маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, қонун лойиҳа тез фурсатларда жамоатчилик муҳокамаси учун эълон қилинади. У айнан ким ўз даромадини декларация қилиши ва айни вақтда хусусий мулкнинг дахлсизлигини таъминлаш масаласи муҳокама қилинаётганини таъкидлади.