Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати 28 май куни бўлиб ўтган ялпи мажлисда Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияни (Нью-Йорк, 2006 йил 13 декабрь) ратификация қилиш тўғрисидаги қонунни маъқуллади. Бу ҳақда парламент юқори палатаси матбуот хизмати хабар қилди.

Сенаторлар ушбу Конвенциянинг ратификация қилиниши Ўзбекистонда ногиронлар ҳуқуқларини ҳимоя қилишни таъминлаш учун қўшимча кафолатлар яратиш имконини беришини, қонунчиликни янада такомиллаштириш учун дастур бўлиб хизмат қилишини, ногиронларни ижтимоий ҳимоя қилиш ва улар учун тенг имкониятларни таъминлаш нуқтаи назаридан давлат органларининг жавобгарлигини кучайтиришини таъкидладилар.

Хабарда қайд этилишича, конвенциянинг қабул қилиниши ногиронларни ижтимоий ҳимоя қилиш миллий тизимини илғор халқаро стандартларга мувофиқлаштириш, ногиронларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш учун халқаро ва хорижий грант маблағларини жалб қилиш имкониятларини яратиш ҳамда аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш борасида Ўзбекистоннинг халқаро имижини яхшилаш имконини беради.

Конвенция ногиронларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва қўллаб-қувватлаш, уларга нисбатан камситишга барҳам бериш, уларнинг меҳнат қилиш, ўз соғлиғини асраш, таълим олиш ва жамият ҳаётида тўлақонли иштирок этиш ҳуқуқини таъминлаш, одил судловга эришиш, шахсий дахлсизлиги, эксплуатация қилинишдан ва суиистеъмолликдан ҳимояланишини, эркин ҳаракатланишини, шахсий мобиллигини таъминлашга қаратилган 50 та моддадан иборат.

Cенаторлар Ўзбекистон ушбу Конвенцияни ратификация қилиб, ногиронлар учун тегишли инфратузилмани такомиллаштириш (турар жой ва жамоат биноларини, транспортни, бир қатор хизматларни мослаштириш), шунингдек аҳоли ўртасида янглиш фикрлар ва стереотипларни йўқ қилишни назарда тутадиган ахлоқий-маънавий йўл-йўриқларни шакллантириш бўйича халқаро мажбуриятларни ўз зиммасига олишини таъкидладилар.

Ўзбекистон Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияни 2009 йилнинг 27 февралида имзолаган, бироқ ҳалигача уни ратификация қилмаган эди. Ногиронларнинг нодавлат ташкилотлари вакиллари узоқ вақт давомида бир неча марта ушбу ҳужжатни ратификация қилишнинг зарурлиги тўғрисида эслатишди.

2017 йил охирида президент Шавкат Мирзиёев ногиронлиги бўлган шахсларни давлат томонидан қўллаб-қувватланиши тизимини тубдан такомиллаштириш тўғрисидаги фармонни имзолади. Ҳужжатда БМТнинг Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенциясини ратификация қилишга тайёргарлик кўриш бўйича амалий чораларни кўриш топширилди.

Жорий йилнинг январида Ўзбекистонда «Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида"ги янги қонун кучга кирди.