27 май, пайшанба куни Тошкентнинг иккита туманидаги ЙТҲда 2 нафар фуқаро вафот этди.

Соат 14:55 ларда Яккасарой тумани Бобур кўчасида З.П.(1968 й.т.) бошқарувидаги Nexia автомобили ва Х.Ф. (1973 й.т.) бошқарувидаги Isuzu автобуси иштирокида тўқнашув содир бўлди, дея хабар бермоқда Тошкент шаҳар ИИББ матбуот хизмати.

Ҳодиса оқибатида енгил автомобиль ҳайдовчиси воқеа жойида вафот этган.

Шу билан бирга, тахминан соат 21:30 ларда Яшнобод тумани Қорасув кўчасида М.Ш. Matiz русумли автомобилни бошқариб кетаётганида пиёдани уриб юборган. Натижада Наманган вилоятида туғилган Я.Л. (1979 й.т.) олган тан жароҳатлари билан тиббиёт муассасасига жойлаштирилган. Бироқ кўрсатилган тиббий ёрдамга қарамасдан пиёда вафот этган.

Тошкент ИИББ

Мазкур ҳолатлар юзасидан Тошкент шаҳар ИИББ Тергов бошқармаси томонидан Жиноят кодексининг 266-моддаси 2-қисми (транспорт воситаларидан фойдаланиш қоидаларининг бузилиши оқибатида одам ўлиши) аломатлари билан жиноят иши қўзғатилган. Тергов олиб борилиб, ЙТҲ сабаблари аниқланмоқда.