Сирдарё вилоятининг Ховос туманида 22 ёшли аёл поезд уриб юбориши оқибатида вафот этган, дея хабар бермоқда ИИВ Транспортда хавфсизликни таъминлаш бош бошқармаси ахборот хизмати.

Маълум қилинишича, «Ховос-Тошкент» йўналишидаги йўловчи электропоезди Ховос айланма йўлининг 2 км 6 пикетида 25−30 ёшлар атрофидаги шахси номаълум аёл кишини уриб юборган. Воқеа ҳақида хабар 24 май куни соат 13:30 ларда Сирдарё вилояти ИИБ ТХТБ навбатчилик қисмига келиб тушган.

Қайд этилишича, олиб борилган тезкор суриштирув ишлари натижасида ушбу аёл 1999 йилда туғилган Ховос тумани Гулбахор МФЙда яшаган Т.Ш. эканлиги ҳамда ўзининг эҳтиётсизлиги оқибатида электропоезд уриб юборганлиги аниқланган.

Аёл олган тан жароҳатлари оқибатида воқеа жойида вафот этган.

Ҳолат юзасидан Бош прокуратура матбуот котиби Хаёт Шамсутдинов ҳам изоҳ берди. Унга кўра, ушбу ҳолат юзасидан Ховос транспорт прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.