25 май куни эрталаб Қорақалпоғистоннинг «Жаслиқ» қишлоғи яқинида икки браконьер «Жанубий Устюрт» миллий табиат боғи инспекторларига қурол билан таҳдид қилиб, ҳужум қилишди дея Давлат экология қўмитаси тузилмасидаги Биохилмахиллик ва муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар бош бошқармаси бошлиғи Абдурашид Содиқов «Газета.uz» га хабар берди.

Воқеа тафсилотлари

24 май куни «Жанубий Устюрт» миллий табиат боғи директорининг буйруғи билан учта парк инспектори ва Қорақалпоғистон Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш қўмитаси инспектори Қўнғирот вилоятидаги Устюрт текислигига текширувга жўнаб кетишади.

Экология давлат қўмитаси вакилининг сўзларига кўра, соат 13:30 атрофида улар қарама-қарши йўналишда ҳаракатланаётган мототциклдаги икки овчини кўриб қолишади. Овчилар кескин бурилиб, шарққа қараб ҳаракатланишган. Инспекторлар уларни таъқиб қилишни бошлашади, тахминан 5−6 км масофадан кейин браконьерлардан бири транспорт воситасини ташлаб, аравали бошқа мотоциклга ўтади. Шу заҳоти у ов милтиғини чиқариб, инспекторларнинг машинасига ўқ узаман деб қўрқитишни бошлади, деб таъкидлади Абдурашид Содиқов.

Ходимлар масофани сақлаган ҳолда таъқибни давом эттиришади. Бу вақтда браконьерлардан бири отилган жайронларни йўлга улоқтира бошлайди. 20−25 км ўтгач, иккинчи мототцикл ҳам тўхтайди. Овчилардан бири шеригининг бошига милтиқ тирайди ва қўмита ходимлари «тўсатдан юзага келиши мумкин бўлган ҳаракатларнинг олдини олиш мақсадида» бурилиб, жўнаб кетишади. Йўлда улар «Қизил китоб» га киритилган 11 ҳайвоннинг гўшти ва ҳудди шунча жуфт жайрон шохини йиғиб, баённома тузадилар. Тахминан 20:15 да, улар воқеа тўғрисида паркнинг директорига телефон орқали хабар беришади.


Худди шу куни унинг топшириғи билан парк директори ўринбосари, Орол денгизи табиатини муҳофаза қилиш прокурори ёрдамчиси, Миллий гвардия ходими ва Қўнғирот тумани ИИБ тезкор ходими инспектор ва бошқа ходимлар билан иккита машинада («Нива» ва «УАЗ») воқеа жойига боришади.

Эртаси куни эрталаб, тахминан соат 04:30 да, ташлаб кетилган биринчи мотоцикл топилади ва «Нива» юкхонасига юкланади. Машина туманга қайтиб кетади, иккинчи машина эса ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари ва инспекторлари билан овчиларни излаш учун «Жаслиқ» қишлоғига йўл олади.

«Нива»да Қўнғирот туманига қайтаётган инспекторлар соат 10:00 атрофида иккинчи мотоциклни топиб, машинага улашган. Шу пайт уларнинг қаршисидан қурол кўтарган овчилар чиқиб келишади, дейди Абдурашид Содиқов. Унинг сўзларига кўра, улар иккита инспекторга таҳдид қила бошлаганлар ва машинанинг юкхонасига ўтиришга мажбур қилишган. Овчилардан бири инспекторни рулга ўтқазиб, унга қурол тираган ва қишлоққа боришини айтган. Унинг сўзларига кўра, «Жаслиқ» дан тахминан 25 км узоқликда машинани тўхтатиб, овчилар иккала мотоциклни ёқиб юборган, отвёртка билан машинанинг барча ғилдиракларини тешган ва инспекторларнинг телефонларини олиб қўйишган.

Инспекторлар маҳаллий аҳолидан телефон сўраб, Миллий табиат боғига қўнғироқ қилишган. Воқеа жойига Қўнғирот вилояти прокурорининг ўринбосари, туман ИИБ бошлиғининг биринчи ўринбосари, бўлим терговчиси ва тезкор ходимлари, Қорақалпоғистон Ички ишлар вазирлигининг мутахассиси етиб келган.

Кейинчалик, браконьерлар ҳибсга олинган. Орол денгизи атроф-муҳитни муҳофаза қилиш прокуратураси ушбу воқеа юзасидан терговга қадар текширув ўтказмоқда.

Давлат экология қўмитаси инспекторлар мақомини Ички ишлар вазирлиги ходимлари даражасига кўтариш ва автоуловларга «милтилловчи чироқларни» бериш кераклигини таъкидлади.

«Қурол сотиб олиш бизга қийин. Аслида бизда қурол бўлиши керак. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлигига мурожаат қилдик», — деди Абдурашид Содиқов.