Бизнес-омбудсман Тошкент шаҳрида реклама баннерлари бузилиши ҳолатини ўрганиб чиқди, дея хабар бермоқда унинг матбуот хизмати.

«Газета.uz» олдинроқ хабар берганидек, пойтахтда 8 апрелдан бошлаб реклама баннерларини оммавий бузиб ташлаш ишлари бошланди. Ташқи реклама объектлари эгалари конструкциялар қонуний ўрнатилганини, уларни бузиб ташлаш бўйича топшириқ «юқоридан» келганлигини таъкидлашди. Тадбиркорлар ҳокимият вакилларининг ушбу ҳаракатлари ноқонуний эканлигини, чунки баннерлар суд қарорисиз бузиб ташланаётганлигини айтди. Реклама соҳаси тадбиркорлари президентдан ёрдам сўраб реклама баннерларига мурожаат жойлашди.

Апрель ойидан бошлаб, ижтимоий тармоқларда Тошкент шаҳрида реклама конструкциялари бузилиши масаласи жамиятнинг диққат-эътиборини ўзига тортмоқда. Бир гуруҳ тадбиркорлик субъектлари ноодатий усул орқали, яъни Президентдан ёрдам сўраб, ўзларига тегишли бўлган реклама объектларига мурожаатларини жойлаштиришди.

«Дастлабки ўрганишларга кўра, тадбиркорларга тегишли реклама конструкцияларининг демонтажи Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгашининг 2021 йил 27 мартдаги 323/37−6-сонли «Тошкент шаҳрида ташқи реклама соҳасидаги фаолиятни тартибга солиш тўғрисида"ги қарори асосида амалга оширилмоқда», — дейилади бизнес-омбудсман хабарида.

Тадбиркорлар ҳуқуқлари бўйича вакил «Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида"ги қонунининг 21 ва 22-моддалари талабларига асосан ушбу қарор лойиҳаси адлия органларида экспертизадан ўтказилмаганлигини аниқлади.

«Шундан келиб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатидан Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгашининг юқоридаги қарорнинг қонунийлигига баҳо бериш ҳамда ваколат доирасида уни қайта кўриб чиқилишида амалий ёрдам бериш сўралди», — дейилади баёнотда.

Олдинроқ Монополияга қарши курашиш қўмитаси пойтахтдаги реклама баннерларининг ярми талабларга жавоб бермаслигини таъкидлаган эди. Қўмита барча томонларни қонунчилик талабларига қатъий риоя қилишга чақирган эди.