Ўзбекистонда Н. И. Пирогов номидаги Россия миллий илмий-текшириш тиббиёт университетининг филиали очилади. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Бу борадаги келишувга Ўзбекистон ва Россия соғлиқни сақлаш вазирлари Абдуҳаким Хаджибаев ва Михаил Мурашконинг Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган учрашувида эришилган.

Томонлар шунингдек, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Н. И. Пирогов номидаги Россия миллий илмий-текшириш тиббиёт университети ўртасида ҳамкорлик тўғрисида келишув ҳам имзоланди.

Россия делегацияси таркибида — Россия Федерацияси ССВ вакиллари, шунингдек, академик В. И. Шумаков номидаги трансплантология ва сунъий органлар миллий тиббиёт илмий-тадқиқот маркази директори Сергей Готье ва Н. И. Пирогов номидаги Россия миллий илмий-текшириш тиббиёт университети ректори Сергей Лукьянов каби юқори даражадаги мутахассислар бор.

Ўзбекистон ва Россия томонлари тиббий таълим, ихтисослаштирилган тиббий ёрдам, онкогематология, жумладан, болалар онкогемотологияси хизмати ривожлантириш, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, санитария-эпидемиологик осойишталик, жамоат саломатлиги каби қатор йўналишларда ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилди.

Aбдуҳаким Хаджибаев COVID-19 пандемияси пайтида мамлакатлар ўртасидаги алоқалар муваффақиятли синовдан ўтганини таъкидлади. Ушбу давр мобайнида икки давлатнинг тиббиёт соҳасидаги мутахассислари иштирокида жами 200 дан ортиқ видеоконференциялар, онлайн консультациялар, масофавий семинарлар, веб-семинарлар ва тренинглар ўтказилган.