Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев жума куни бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида иссиқлик таъминотидаги муаммоларга тўхталиб ўтди, дея хабар қилди «Газета.uz» мухбири.

Давлат раҳбари уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазири ўринбосари в. б. Қурбон Турсуновга иссиқлик таъминоти тизимини модернизация қилишга «мутлақо янги ёндашувларни» жорий этиш шарти билан олти ой синов муддатини берди.

Президентнинг сўзларига кўра, республика бўйича марказлашган иссиқлик тармоқларига 15 мингта турар-жой уланган бўлса-да (40 фоиз), 2 минг километр иссиқлик тармоғи (50 фоиз) яроқсиз аҳволда бўлиб, тармоқдаги йўқотишлар ўртача 40 фоизни ташкил этмоқда.

Шавкат Мирзиёев Қурбон Турсунов, Тошкент вилояти ҳокими Даврон Ҳидоятов, Фарғона вилояти ҳокими Хайрулла Бозоров, Наманган вилояти ҳокими Шавкат Абдураззоқов, Бухоро вилояти ҳокими Ботир Зарипов ва Самарқанд вилояти ҳокими Эркинжон Турдимовга 56 та қозонхона қуриш ва реконструкция қилиш, 205 километр тармоқларни таъмирлаш орқали 2 мингдан зиёд кўп қаватли уйларни марказий иссиқлик тармоғига улаш топшириғини берди.

Тошкент вилоятида — 1,1 мингта, Фарғонада — 131 та, Наманганда — 350 та, Бухорода — 202 та, Самарқандда — 93 та кўп қаватли уй-жойларда марказлашган иссиқлик тизими тикланади.

«Янги кўп қаватли уйларни, яхлит массив шаклида қуришдан мақсад ҳам, энергоресурсларни, инфратузилма харажатларини иқтисод қилиш ҳисобланади. Лекин бу бўйича вазирликда ҳам, ҳудудларда ҳам ҳалигача ягона ёндашув йўқ», — деди Шавкат Мирзиёев.

Масъул шахслар қозонхоналарни модернизация қилиш дастурини тақдимот қилишлари, ушбу дастур орқали энергосамарадорлик 57 фоиздан 92 фоизга ортиб, тармоқдаги йўқотишлар 35 фоиздан 3,5 фоизга тушиши лозим.

«Умуман, Қурбон Турсунов жорий йилнинг ўзида 183 та массивда қурилаётган 40 мингта хонадонни марказлашган иситиш тизимига ўтказиш тўғрисида бош қотириши зарур. Янги кўп қаватли уйларни, яхлит массив шаклида қуришдан мақсад ҳам, энергоресурсларни, инфратузилма харажатларини иқтисод қилиш ҳисобланади», — деди Шавкат Мирзиёев.

Президент топшириғи билан бош вазирнинг биринчи ўринбосари Очилбой Раматов, бош вазир ўринбосари Жамшид Қўчқоров, УЖКХКВ раҳбари Шерзод Хидоятов ва молия вазири Тимур Ишметов бир ой муддатда турар-жойларнинг марказлашган иссиқлик таъминотини тиклаш, уларни замонавий тизимларга ўтказиш, бунга хусусий секторни кенг жалб қилиш бўйича таклиф киритишлари лозим.

Ҳисоб-китобларга кўра, Тошкент шаҳри иссиқлик таъминотини «ёпиқ тизим»га ўтказиш йилига 3 миллион гигакалория иссиқлик йўқотишни (420 миллиард сўм), 320 миллион кубметр (210 миллиард сўм) табиий газ ҳамда 85 миллион киловатт (40 миллиард сўм) электр сарфини қисқартириш имконини беради.

Қурбон Турсунов, Наманган вилояти ҳокими Шавкат Абдураззоқов ва Токент вилояти ҳокими даврон Хидоятовга 1 ноябрга қадар Наманган ва Чирчиқ шаҳарларида марказлашган иссиқлик таъминотининг «намунавий тажрибаси»ни ярати топширилди.

Президент 2019 йилнинг октябрида Тошкентни иссиқлик таъминотини ёпиқ тизимга ўтказиш (бу ерда иссиқ сув етказиб бериш вақти 10−20 сониягача тезлашиши керак), бошқа шаҳарларда иссиқлик таъминотини тиклаш ва барча хусусий уйларни иссиқлик билан таъминлаш бўйича чора-тадбирларни ишлаб чиқиш бўйича кўрсатмалар берган эди.

2020 йил январь ойида Жанубий Кореянинг CM Entech компанияси Тошкент шаҳрида иссиқлик таъминоти тизимини модернизация қилиш, хусусан, Мирзо Улуғбек туманининг МҚ-2 реконструцияси лойиҳаларини таклиф қилган эди. Ишнинг қиймати 70−100 миллион долларга баҳоланди.