Олий Мажлис Сенатининг 15-ялпи мажлисида Молия вазири Тимур Ишметов 2020 йилда давлат бюджетига қанча даромад тушганини очиқлади.

Таъкидланишича, 2020 йилда иқтисодий фаоллик камайиши ҳисобига давлат бюджетига айрим солиқ турларидан прогнозга нисбатан даромад кам тушган.

Фото: Видеодан лавҳа

Маълумотга кўра, 2020 йилда давлат бюджетида 11,2 трлн сўм дефицит кузатилган.

Қайд этилишича, йил бошидаги прогнозга нисбатан қўшилган қиймат солиғидан (ҚҚС) 13 трлн сўм кам маблағ тушди ва прогноз 70,5%га ижро этилди. Айланмадан олинадиган солиқлар бўйича 1,1 трлн сўм ёки 55%га кам маблағ тушган. Жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғидан 927 млрд сўм ёки прогнозга нисбатан 94%га ҳамда мол-мулк солиғидан 395 млрд сўм ёки 85%га кам тушумлар шаклланган.

«Бунинг натижасида йил тугамасдан ҳисоботлар қайта кўриб чиқилди», — дея қўшимча қилади Тимур Ишметов.

Молия вазирининг сўзларига кўра, ҳукумат томонидан кўрилган тезкор чоралар, шунингдек, бюджет учун фойдали бўлган бошқа омиллар туфайли юқорида таъкидланган йўқотишлар ортиғи билан қопланган.

Олтин нархининг йил бошидаги прогнози 1350 доллари миқдоридан ҳақиқий ўртача нарх 1768 долларида шакллангани ҳисобига 9,3 трлн сўм қўшимча даромад шакллантиришга эришилганлиги маълум қилинди.

«Марказий банкнинг 2,8 трлн сўмлик фойдаси, (солиштириш учун 2019 йилда 133 млрд фойда бўлган) ҳамда вазирликлар ва идораларнинг бюджетдан ташқари жамғармаларидан ҳукумат қарорига асосан 385 млрд сўмлик қолдиқ маблағларининг бюджетга йўналтириш ҳам йўқотишларнинг бир қисмини қоплашга ёрдам берди», — дейди молия вазири.

Олдинроқ 2020 йилда Ўзбекистон ташқи қарзни нималарга сарфлаганлиги ҳақида хабар берилган эди.