Айни дақиқаларда Олий Мажлис Сенатининг 15-ялпи мажлиси бўлиб ўтмоқда. Унда кўплаб масалалар қаторида, банкротлик ишини юритиш тартибига ҳам тўхталиб ўтилди.

Сенат раиси Танзила Нарбаева корхона ва ташкилотларни банкрот деб эълон қилиш учун ҳужжатларни расмийлаштириб, судга тақдим этаётган суд бошқарувчиларига катта миқдорда мукофот пули тўланаётганини танқид қилди (видео).

«2019−2020 йилларда 10 мингга яқин корхона ва ташкилот банкротликнинг соддалаштирилган тамойиллари асосида тугатилган. Бироқ, улардан бюджет олдидаги қарзларини ундириш масаласи ниҳоятда паст — 0,07 фоизни ташкил қилади. Айни вақтда мазкур тугатиш ишлари учун суд бошқарувчиларига республика ва маҳаллий бюджетдан катта миқдорда мукофот пуллари тўлаб борилган. Яъни, суд бошқарувчиларига тўлаб берилаётган пуллар — улар ёрдамида бюджетга ундирилган маблағлардан бир неча баробарга кўп. Шу даражада кўпки, мен у рақамларни айтгим ҳам келмаяпти. Тегишли ҳужжатларни қайта кўриб чиқиш керакдир. Чунки у ҳам давлат бюджетини пули, у ҳам халқни пули», — дея Сенат раиси молия вазирига юзланди.

Молия вазири Тимур Ишметов суд бошқарувчилари ҳар бир ишига пул олиш мақсадида қарздор ташкилотдан пул ундириш ўрнига, уни банкрот деб тугатишга интилаётганини айтди.

Фото: Видеодан лавҳа.

«Ҳақиқатдан ҳам, банкротлик масалаларида, суд бошқарувчиларининг ҳар битта ишига яхши пул тўланса, бу пулни кетидан яхшироқ югуради, деб шунақа тартиб белгиланган. Лекин, улар асосан шунақа амалиётга қўл уришдики, қарздор ташкилотдан қарзни ундириш эмас, балки, „бу умидсиз қарз, буни банкрот қилиш керак“, деб ҳужжатларни расмийлаштириб, суд орқали банкрот қилиш билан овора. Бюджетга бир тийин пул тушмайди. Лекин, улар ҳар битта ишига қарийб 5 млн сўм олади. Айрим шунақа эпчил суд бошқарувчилари 100 млн, 1 млрд, 2 млрд сўмлаб маблағларни еб юборгани бўлган» — деди у.

Вазир мазкур масалани ҳал этиш чоралари кўрилаётганини қўшимча қилди.

«„Бу нарса нотўғри бўлаяпти, бизга пул ундирсанг, сенга шундан беришимиз керак“, деган масалани кўтарганимизда, „тартибда шунақа ёзилганки, ундирилдими ёки йўқми меҳнатим учун ҳақимни олишим керак“, деб иш судларгача борган пайтлари бўлган. Шунинг учун биз ҳукуматга мурожаат қилиб, вақтинча бу амалиётни ўтган чоракдан бошлаб тўхтатдик. Бу тартибни қайтадан кўриб чиқиш ва умуман бошқача ёндошув бўйича Давлат активларини бошқариш агентлиги билан бирга ишлаяпмиз», — деди Тимур Ишметов.

Маълумот ўрнида, Ўзбекистон президентининг 2019 йил 1 февраль куни банкротлик жараёнини соддалаштириш ва суд бошқарувлари фаолиятини яхшилаш тўғрисидаги [ПҚ-4146-сон] қарорни имзолаган эди.

Мазкур ҳужжат билан 2019 йил 1 майдан суд бошқарувчиларини давлат солиқ хизмати органлари ходимлари орасидан тайинлаш амалиёти бекор қилинган. Унинг ўрнига, давлат солиқ хизмати органларининг аризалари бўйича қўзғатилган банкротликнинг соддалаштирилган таомилларини ўтказишда тўртинчи тоифали суд бошқарувчиси аттестатига эга бўлган ва Ўзбекистон суд бошқарувчилари ассоциацияси аъзолари ҳисобланган шахслар суд бошқарувчиси этиб тайинланган.

Уларга ҳар бир якунланган тугатишга доир иш бўйича Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 7,03 баравари (5,2 млн сўм) миқдорида ҳақ тўланиши белгиланган. Солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар бўйича қарздорликни узишда тўланган қарз суммасининг 5 фоизи миқдорида суд бошқарувчиларига қўшимча ҳақ тўланади.

Қолаверса, президент қарорига мувофиқ, суд бошқарувчиларининг фаолияти «фуқаролик ва иқтисодий суд ишларини юритиш» ихтисослашуви бўйича лицензияга эга бўлган ва суд бошқарувчиси аттестатини олган адвокатлар томонидан ҳам амалга оширилиши мумкин.