Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов Минск шаҳрига ташриф буюрди. Унинг бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси МДҲ ҳукумат раҳбарлари Кенгашининг навбатдаги йиғилишида иштирок этади, деб хабар бермоқда бош вазирнинг матбуот хизмати.

Дастлаб, мамлакатлар делегациялари раҳбарлари Беларусь президенти Александр Лукашенко қабулида бўлган.

Belta.by нашрининг ёзишича, президент ҳукумат раҳбарларини қутлар экан, ахборий ҳужумларга қарамасдан Минск тинч ва осойишта эканлигини айтган.

«Ўз кузатувларим ва менга аён бўлган маълумотларга кўра, ушбу тадбир арафасида кўпчилигингиз тет-а-тет (юзма-юз) суҳбатлашиш, муносабат ва истиқболларни аниқлаб олиш имкониятига эга бўлгансиз. Сизларни Беларусь заминида кўриб турганимдан мамнунман. Беларусга асосан интернет, телеграм-каналлар орқали бўлаётган ҳужумларга қарамасдан, ўзингиз кўриб турганингиздек, бу ердаги вазият тинч. Минск ҳар доимгидек тинч ва осойишта, одамлар яшаши учун қулай шаҳар», — деди у.

Фото: Belta.by.

Президент шунингдек, «ҳар доим ёпилиб олиб, ўтириб бўлмаслигини» таъкидлаган.

«Сиз ўз ташрифингиз билан ҳар доим ёпилиб олиб, ўтириб бўлмаслиги бўйича жуда ҳам муҳим мисолни кўрсатаяпсиз. Очилиш, жонли мулоқот қилиш керак. Баъзан, биз фаол фойдаланишимизга тўғри келаётган, хаттоки энг замонавий техник алоқа воситалари ҳам ишончли (жонли) мулоқотларимизни ўрнини боса олмайди. Айниқса, мунозара учун кўплаб маласалалар турганида, ва бугун ҳам улар кам эмас», — дея қўшимча қилган Лукашенко.

Президент билан мулоқотдан сўнг, делегациялар раҳбарлари Беларусь пойтахтидаги Ғалаба монументига гулчамбар қўйган.