Тошкент тарихи хариталарда: 1865 йилги қалъа девори ва шаҳарнинг 12 дарвозаси
Муқова фотосурати: 1872 йилдаги Тошкент харитаси фрагменти (биринчи маротаба эълон қилинмоқда)
Тошкент ҳокимлиги шаҳарнинг қадимий 12 та дарвозаси ва қалъа девори ўрнини аниқламоқда. 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини амалга ошириш бўйича Давлат дастурига мувофиқ, «Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш» йилида пойтахт маъмуриятига Тошкент шаҳрининг қадимий 12 та дарвозасини тиклаш ва туризм намойиши объектларига киритиш чораларини кўриш топширилган.

Тошкент шаҳар ҳокимлигининг рақамли ривожланиш департаменти пойтахт учун географик ахборот тизимини яратиш устида иш олиб бормоқда. Ушбу тизимнинг асосини замонавий ва архив хариталари ташкил этади. Шу сабабли, бўлим мутахассислари эски Тошкентни ўрганиб, шаҳарнинг турли йиллардаги хариталарини таққослашмоқда.

Рақамли ривожланиш департаментининг фазовий маълумотлар инфратузилмаси, географик ахборотлар тизимлари ва картография бўйича директор ўринбосари Камолиддин Файзуллаев ушбу масалани ўрганмоқда. «Газета.uz» унинг хариталарни излаш ва шаҳарнинг бир ярим аср давомида қандай ўзгаргани ҳақидаги мақоласини эълон қилади.
Суратлар ҳақидаги қўшимча маълумотни ўқиш учун устига босинг.
Тошкент – қадимий шаҳар. У 2200 ёшдан ошган. Бу узоқ давр мобайнида унинг ташқи қиёфаси кескин ўзгарди - ўрдалар, қалъалар, уйлар қурилди, турар жой даҳалари ва маҳаллалар вужудга келди. Қадимги даврда шаҳарнинг аниқ қандай бўлганини билиш жуда қийин. Кўпчилик тадқиқотчиларни пойтахтимиз 150-200 йил олдин қандай бўлгани ҳақидаги савол кўпроқ қизиқтиради.

Айниқса Тошкентнинг қалъа девори ва дарвозаларининг тарихи қизиқ. Девор шаҳар атрофини ўраб олган ҳамда уни душман ҳужумлари ва бошқа ташқи таҳдидлардан ҳимоя қилган. Турли даврларда қалъа дарвозалари сони ўзгариб турган. Масалан, Х асрда Тошкент Бинкет деб номланган ва шаҳарда 7 та дарвоза бўлган, XIX аср бошларида эса 8 та, шаҳарнинг кенгайиши билан 1864 йилга келиб уларнинг сони 12 тага етган.

Тошкент рус қўшинлари томонидан босиб олинганидан сўнг, янги шаҳар аҳолиси қурилиш материаллари учун деворларни бузиб ташлади. Ишончли маълумотларга кўра, 1865-1872 йилларда Қашғар ва Бешёғоч дарвозалари орасидаги деврнинг 3700 метр узунликдаги қисми, шу жумладан Қўқон ва Қўймас дарвозалари бузиб ташланган.
реклама
реклама
2021 йилги давлат дастурига мувофиқ, 12 та дарвоза тарихий кўринишлари асосида қайта тикланиши лозим. Даставвал буни амалга ошириш жуда мураккаб кўринар эди, чунки илгари уларнинг жойлашуви 1890 йилги хариталарга асосланилган. Бироқ бу пайтда деворнинг катта қисми ва дарвозалар бузиб ташланган эди. Аммо ноёб архив материаллари шарофати билан биз Рақамли ривожланиш департаментида уларнинг жойлашган ўрнини аниқ топдик.

Ноёб архив материаллари деганда биз Тошкентнинг 1865-1872 йиллардаги хариталарини назарда тутмоқдамиз. Улар на Ўзбекистон архивларида ва на интернетда мавжуд эди. Биз уларни Россия Федерациясидаги архивлардан топдик.
1865-1866 йиллардаги «Тошкент шаҳри ва атрофининг харитаси» фрагменти
Ушбу ҳужжатлардан бири «Тошкент шаҳри ва атрофининг харитаси» деб номланган. Уни подпоручик (чор армиясидаги ҳарбий унвон – таҳр.) Колесников ва прапоршик Тимофеев 1865-1866 йилларда —Тошкент ишғолидан сўнг дарҳол тузишган.

Ҳозирча бизда янада қадимийроқ хариталар мавжудлиги тўғрисида маълумот йўқ. Шу сабабли, бу ҳозирги кунга қадар Тошкент шаҳри ва унга яқин ҳудудлар акс эттирилган энг эски харитадир.

Харита ўлчами 180х194 смни ташкил этади. Харита масштаби — 1 дюймда 100 сажен (1 дюйм 2,54 см га тенг, 1 сажен эса 2,1336 м га). Метр тизимида масштаб 1:8400 ни ташкил этади.

Харита Тошкент воҳасининг тахминан 15х15 кмлик майдонини қамраб олади: жанубда - Жанубий вокзал ҳудуди, шимолда – Хасанбой ҳудудидаги Қулоқтепа, ғарбда - Ўрикзор бозори ҳудуди, шарқда - Тошкент ботаника боғи ҳудуди.

Айрим статистик маълумотлар: 1865 йилда Тошкентнинг деворлар ичидаги ҳудуди 17 кв. км. ни ташкил этган. Шаҳарда 52 мингга яқин киши яшаган. Бугунги кунда пойтахтимизнинг майдони 434 кв. км. дан ошади ва аввалгидан 25 марта каттароқ майдонни эгаллайди. Аҳолиси 2,62 миллион киши ёки 150 йил олдинги ҳолатдан 50 баравар кўп.
1865-1866 йиллардаги «Тошкент шаҳри ва атрофи харитаси» фрагменти
Юқоридаги харитада Тошкентнинг барча қадимий дарвозалари белгиланган(тасвирни катталаштирганда дарвозалар номларини ўқишнинг деярли имкони йўқ, аммо кейинги мақолаларда уларнинг ҳар бири ҳақида алоҳида айтиб ўтамиз). Бундан ташқари, харитада Тошкент қалъасининг бутун девори узунлиги (қизил чизиқ билан) кўрсатилган.

Биз ушбу харитага замонавий харитани жойлаштириб, дарвозаларнинг аниқ жойларини ва қалъа девори қаерлардан ўтганини билиб олдик. Дарвозалар жойлашувининг аниқлиги тахминан 10 метрни ташкил қилади.
Мисол сифатида Сағбон дарвозасини келтирамиз. 1-расмда сариқ чизиқ билан Сағбон дарвозасига олиб борадиган йўл кўрсатилган. 1977 йилдаги Тошкентнинг топографик планига худди шу чизиқни чизамиз (2-расм) ва худди шу йўл Сағбон кўчаси шаклида сақланиб қолганини кўрамиз. 3-расмда Сағбон дарвозаси бугунги ориентирларга нисбатан қаерда жойлашганини аниқлашимиз мумкин. Худди шу йўл билан, биз Тошкентнинг барча дарвозалари жойлашган жойларни аниқлаб чиқдик.
Сурат бўйлаб ўнгга ва чапга суринг.
Чапда: 1865-1866 йиллардаги харитада Нўғойқўрғон қишлоғи. Ўнгда: Нўғойқўрғон маҳалласи 2019 йилги ортофотопланда шу номдаги собиқ қишлоқ контурлари билан.
Прапоршик Колесников харитасининг жанубий томони Жанубий вокзалнинг ҳозирги майдони билан чегараланган. 1866 йил харитасида ўша жойда Нўғойқўрғон қишлоғи акс этган бўлиб, у бугун Сергели туманидаги шу номли маҳаллага айланган. Ушбу ҳудуддаги кўчаларнинг жойлашуви бугунги кунда ҳам сақланиб қолган. 1866 йилда Нўғойқўрғон Тошкентда картошка етиштириладиган ягона жой эди. Бу қишлоқ аҳолиси Россиянинг мусулмон ҳудудларидан келганлиги билан изоҳланади.

Яна бир тарихий топилма: эски шаҳар қалъа деворининг тахминан 350 метр узунликдаги қисми 1865 йилда Тошкент босиб олингандан сўнг қурилган янги қалъа девори сифатида ишлатилган. 
Сурат бўйлаб ўнгга ва чапга суринг.
Чапда: 1865-1866 йиллардаги харитада янги қалъа деворлари. Ўнгда: шу жойнинг замонавий қиёфаси.
1810 йилдан 1821 йилгача бўлган давр орасида янги қалъа ўрнида Қўқон қалъаси, яъни Ўрда (шаҳар ҳукмдори яшаган қўрғон) бўлган. Кейинчалик у шимолга кўчирилган. Кўчиб ўтгандан сўнг, ўрданинг ўлчами тахминан 420х480 м ни ташкил этган (эски қалъанинг ўлчамлари номаълум). Ўрдада Тошкент ҳукмдорининг саройи (Хон саройи) бўлган.
1866 йилда тузилган хон саройи харитаси
Тарихий ҳужжатлар 1865 йилда Тошкент қўлга киритилгандан сўнг дарҳол Ўрда қайта қурилгани ва янги кварталлар пайдо бўлганини тасдиқлайди. Янги кварталларнинг режаси ҳарбий топографлар томонидан тузилган.
1869 йилда тузилган Анҳор канали ва Човли ариғи ўртасидаги европача кварталнинг режаси
Шаҳар қурилиши режасини ишлаб чиқишга ҳарбий муҳандис Колесников раҳбарлик қилган. Анҳор канали ва Човли ариғи орасидаги қисмда шаҳар тўғрибурчаклар усулида лойиҳалаштирилган. 1870 йилга келиб Анҳор канали ва Човли ариғи орасидаги ҳудудни аҳоли уйлари эгаллаган.
реклама
реклама
1870 йилдаги прапоршик Васильев харитасида (қуйидагигалереяда биринчи расм) Човли ариғи ва Салар канали орасидаги биринчи биноларнинг жойлашув режасини кўришингиз мумкин. Бу ерда нўқтадан чиқаётган нурлар бўйича режалаштириш қўлланилган ва ушбу усул Тошкент марказида ҳозиргача сақланиб қолган(Амир Темур хиёбони).
Амир Темур хиёбонидан 700 м жанубда, майдони 12 гектар бўлган Мингўрик боғи ҳам бўлган (юқоридаги галереядаги дастлабки иккита харитада пастки ўнг бурчак ҳамда қуйидаги тасвирларда харита парчасининг марказий юқори қисмида).

Шимолий вокзалга яқинроқ жойда, шу номдаги археологик ёдгорлик — Мингўрик ҳаробалари сақланиб қолган. Илгари унинг майдони 16 гектарни ташкил этган. Тошкент қўлга киритилганидан сўнг янги шаҳар қурилиши билан Мингўрик археологик ёдгорлиги аста-секин йўқ бўлиб кетди: унинг атиги 13 сотихлик қисми қолган.
Сурат бўйлаб ўнгга ва чапга суринг.
Чапда: тасвирнинг марказий юқори қисмида жойлашган Минг-ўрик боғи ва 1865-1866 йиллар харитасида боғнинг ўнг томонидан ва ундан пастда жойлашган Мингўрик археологик ёдгорлиги.
Ўнгда: Минг-ўрик археологик ёдгорлигининг бугунги кундаги ҳудуди (сариқ ранг билан белгиланган) 2019 йилги ортофотопланда.
Харитада девор ва дарвозадан ташқари бошқа қизиқарли нарсалар ҳам мавжуд. Масалан, бизни рус топографларининг Тошкентдаги жойларни қандай номлагани ҳайрон қолдирди. Мингўрик «Мынъ-Урюкъ», Оқтепа – «Охъ-тюбе», Кўкалдош – «Кугандашъ», Камолон дарвозаси — «Камеланские ворота» деб аталган. Анҳор канали «арык Ангаръ» деб келтирилган. Бунга топографлар номларни қандай эшитган бўлсалар, шундай қайд қилганликлари сабаб бўлиши мумкин. Масалан, Чуқуркўприк ариғи харитада Тошкент лаҳжасига мос равишда «Чукур купру» деб ёзилган.

Қуйидаги галереяда 1865-1866 йиллар харитасида Тошкентдаги объектларнинг номланишига мисоллар келтирилган.
Харитада вақт ўтиши билан Қулоқтепага айланган (ҳозирда бу Юнусобод туманидаги «Тикланиш» маҳалласи ҳудуди) «Кулакъ-чинъ тюбе» тепалиги ҳам кўрсатилган. Мазкур объект ҳозирда моддий-маданий мерос объектлари рўйхатига киритилган.
Сурат бўйлаб ўнгга ва чапга суринг.
Чапда: «Кулакъ-чинъ тюбе» тепалаги 1865-1866 йиллар харитасида.
Ўнгда: Қулоқтепанинг замонавий ҳудуди (сариқ билан белгиланган) 2019 йилги ортофоторежада.
Шуни қўшимча қилиш жоизки, тарихдаги барча ўзбек давлатларида (Қўқон хонлиги, Бухоро амирлиги ва бошқалар) расмий ёзишмалар форс тилида юритилган. Бироқ Тошкент давлатида (1784-1808) расмий тил ўзбек тили бўлган.

Ва яна каллиграфияни ҳам қайд этиб ўтиш жоиз: барча хариталар қўлда тузилган.
Бу мақола – бошланиши, холос. Биз ўқувчиларимиз учун қизиқарли, тадқиқотчиларимиз учун эса фойдали бўлган кўплаб маълумотларни қўлга киритдик. Улар орасида хон саройи тарихи, Тошкентнинг турли қисмлари, шаҳар босиб олинганидан кейин янги Тошкентнинг қурилиши, чегараларининг кенгайиши ва аҳолисининг кўпайишига оид маълумотлар мавжуд.

Ҳозирда қадимги дарвозаларнинг ҳар бирини батафсил кўриш, уларнинг тарихи ва аниқ жойлашган ўрнини билиш имконини берувчи интерактив сайт устида ишламоқдамиз. Ушбу сайтда пойтахтимизнинг қисқача тарихи, жумладан, шаҳар атрофини ўраб турган девор ҳақида ҳикоя қиламиз. Сайт очилиши ҳақида «Газета.uz» орқали хабар берамиз.
Матнни Камолиддин Файзуллаев тайёрлади.
Матн ва график материалларга бўлган барча ҳуқуқлар Тошкент шаҳар ҳокимлигининг Рақамли ривожланиш департаментига тегишли.
«Газета.uz» интернет-нашрида жойлаштирилган материаллардан фойдаланиш шартлари билан қуйидаги ҳавола орқали танишишиш мумкин.

Қизиқарли маълумотларга эгамисиз, уларни дунё билан бўлишишни хоҳлайсизми? Ҳикояларингизни sp@gazeta.uz электрон манзилига юборинг.

Изоҳ

Жунатиш Чиқиб кетиш Бекор қилиш Муаллиф: 6000 та белги қолди.
"Газета.uz"да рўйхатдан ўтиш

Қўшимча имкониятларга эга булиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг