26 майдан 27 майга ўтар кечаси футбол бўйича Европа лигаси финали бўлиб ўтди. Мусобақанинг ҳал қилувчи ўйинида Испаниянинг «Вильярреал» ҳамда Англиянинг «Манчестер Юнайтед» жамоалари ўзаро баҳс олиб боришди.

Польшадаги «Гданьск» аренасида бўлиб ўтган финал ўйини пенальтилар сериясигача етиб борди. Учрашувдаги ҳисобни испанияликлар очди. 29-дақиқада жаримадан узатилган тўпни Жерар Морено дарвозага киритди. 1-бўлим 1:0 ҳисоби билан якунига етди.

2-бўлимда эса Англия жамоаси ҳужумлар ташкил этишда фаол бўлди. Бу эса ўз самарасини 55-дақиқада берди. Эдинсон Кавани ўзига яратилган имкониятдан унумли фойдаланди ҳамда ҳисобни тенглаштирди. Учрашувнинг иккинчи 45 дақиқалиги шундай ҳисоб билан якунига етди. Қўшимча вақтларда ҳам ҳисоб ўзгармай қолди ва ўйин тақдири пенальтилар сериясига қолди.

Мазкур серияда ҳар икки жамоанинг барча футболчилари иштирок этишди. Пенальтилар тепиш бўйича ҳисоб 10:10 бўлиб қолганда ҳар икки жамоанинг дарвозабонларига навбат келди. «Вильярреал» посбони Рульи гол урган бўлса, «Манчестер Юнайтед» дарвозабони Давид де Хеа гол ура олмади. Шундай қилиб «Вильярреал» жамоаси пенальтилар сериясида 11:10 ҳисобида ғалаба қозониб, Европа лигаси чемпионига айланди.

«Вильярреал» Европа лигасидаги ғалаба эвазига Чемпионлар лигаси 2021−22 йилги мавсум гуруҳ босқичида иштирок этади. Жамоа ўтган мавсум якунига кўра, Ла Лигада 7-ўринни эгаллади. Шундай экан, Чемпионлар Лигасида янги мавсумда Испаниядан беш жамоа бўлади — «Атлетико», «Реал», «Барселона», «Севилья» ва «Вильярреал.