Озарбайжон Арманистон Қуролли Кучларининг олти нафар аскарини асирга олди. Арманистон одам ўғирлаш бўйича жиноий иш қўзғатди

27 май куни Озарбайжон Мудофаа вазирлиги бир гуруҳ Арманистон ҳарбий хизматчиларининг мамлакат ҳудудига ўтишга уриниши ҳақида эълон қилди. Олти киши асирга олинди. Озарбайжон ТИВ Aрманистон ҳарбийлари йўлни қазиш орқали теракт уюштиришга уринган деб таъкидлади.

Aрманистон Мудофаа вазирлиги ҳарбий хизматчиларни қўлга олиш фактини тасдиқлаб, улар мамлакатнинг Гегаркуник вилояти чегара зонасида муҳандислик ишларини олиб боришда қўлга олинганини таъкидлади. Aрманистон бош вазири вазифасини бажарувчи Никол Пашинян ушбу воқеани ҳарбийларни «ўғирлаш» деб атади. Пашиняннинг сўзларига кўра, ҳарбийлар Озарбайжон билан чегарада огоҳлантириш белгиларини ўрнатган ҳолда миналаш ишларини олиб борган. «Диверсия мақсади йўқ эди. Ҳодиса бизнинг ҳудудимизда содир бўлди», — деди у.

Aрманистон Бош прокуратураси Озарбайжон томонидан мамлакат Қуролли Кучларининг олти нафар аскарини қўлга олганидан кейин одам ўғрилаш ва давлат чегарасини бузиш бўйича жиноий иш қўзғади.

Гегаркуник ва Сюник вилоятларида Aрманистон-Озарбайжон чегарасидаги вазият 12 майдан бери кескинлигича қолмоқда.


Эстонияда президент ва бош вазир лавозимларини бирлаштириш таклиф қилинди

Эстонияда президент ва бош вазир вазифалари битта лавозим остида бирлаштирилиши мумкин. Бу ҳақда мамлакат ҳукмрон ўнг-либерал ислоҳотлар партиясининг фахрий раиси Сийм Каллас фикр билдирди. «Кичик мамлакат, битта қора машинага камроқ. Ва кейин, албатта, президент-ҳукумат раҳбари тўғридан-тўғри сайланиши мумкин эди. Оддий ва тушунарли», — деб ёзган у «Eesti Päevaleht» газетасидаги мақоласида. Калласнинг таъкидлашича, ҳозирги пайтда Эстония президентини сайлаш тартиби жуда мураккаб. Президент сайланиши учун номзодни 101 ўринли Рийгикогунинг (парламент) 68 аъзоси қўллаб-қувватлаши ёки номзод Сайлов ҳайъатида 105 та овозга эга бўлиши керак.

Эстонияда навбатдаги президент сайловлари 10 августдан 29 сентябргача бўлиб ўтиши лозим. Биринчи бўлиб мамлакат парламенти давлат раҳбарини сайлашга ҳаракат қилади. Aгар у муваффақиятга эриша олмаса, Сайлов ҳайъати чақирилади. Унинг таркибига 208 аъзо (107 маҳаллий ҳокимият вакиллари ва Рийгикогунинг 101 аъзоси) киради. — ТАСС.


Нигерияда 160 йўловчиси бўлган кема ағдарилиб кетди

Нигерияда 160 йўловчини олиб кетаётган кеманинг ағдарилиши сабабли ўнлаб одамлар бедарак йўқолган. Бу ҳақда ТАСС Agence France-Presse'га таяниб хабар бермоқда. Ҳозирча тирик қолган 22 йўловчи топилди, яна бир киши вафот этди, дея таъкидлади Кебби штатидаги Нгаски маҳаллий ҳукумат округининг вакили. Қидирув ишлари давом этмоқда.

Таъкидланишича, кема бортида 80 дан ортиқ одам ташиш тақиқланган бўлган. — ТАСС.


«Белавиа» саккизта мамлакатга рейсларни бекор қилди

«Белавиа» авиакомпанияси 27 майдан бошлаб саккизта мамлакатга рейсларнинг мажбурий бекор қилинишини эълон қилди. «Бир қатор мамлакатларда парвозларга тақиқлар мавжудлиги сабабли Белавиа 2021 йил 27 майдан 30 октябргача Варшава, Милан, Амстердам, Рим, Франкфурт, Берлин, Мюнхен, Ганновер, Вена, Брюссель, Барселона, Калининград йўналишидаги рейсларни бекор қилишга мажбур», — дейилади компания баёнотида. Йўловчилар бир йил ичида жўнаб кетиш кунини ўзгартириши ёки жарималарсиз чипта пулларини тўлиқ қайтариб олишлари мумкин.

Aввалроқ «Белавиа» Финляндия ва Чехияга рейсларни мос равишда 26 ва 28 майдан 30 октябргача бекор қилган эди. Шунингдек, Стокгольм, Лондон, Парижга ҳам рейслар 30 октябргача бекор қилинган. Авиакомпания 26 июнгача Вильнюсга, 25 август қадар Киев, Львов, Одесса ва Харковга парвозларни тўхтатди.


AҚШда COVID-19'ни яна битта препарат билан даволашга рухсат берилди

AҚШ озиқ-овқат ва фармацевтика идораси (FDA) Британиянинг GlaxoSmithKline ва АҚШнинг Vir Biotechnology компаниялари томонидан ишлаб чиқилган COVID-19'га қарши Sotrovimab препаратидан фавқулодда фойдаланишни маъқуллади. Янги дори воситаси катталар ҳамда 12 ёш ва ундан катта бўлган беморларда енгил ва ўртача даражадаги COVID-19 ҳолатларини даволаш учун тасдиқланган. Ушбу препарат коронавирус билан касалхонага ётқизилган ёки кислородли терапияни талаб қиладиган беморларга мўлжалланган эмас. — Интерфакс.


Берлинда мусулмонлар, христианлар ва яҳудийлар учун умумий ибодатхона қурилади

Фото: twitter.com/GermanEmbassy

Фото: AFP

Берлинда «House of One» ибодатхонаси қурилади, у бирданига учта дин — ислом, христианлик ва яҳудийлик вакиллари учун диний учрашувлар жойи бўлиб хизмат қилади. Баландлиги 42 метр, сариқ қумтошдан бўлган замонавий бино Петриплатц майдонида, 13 асрда вайрон қилинган Петрикирхе черкови пойдевори ўрнида қурилади. Таъкидланишича, черков икки шаҳар — Берлин ва Кёльн чегарасида жойлашган бўлиб, кейинчалик Берлиннинг ташкил қилинишига асос бўлган. Бинода черков, синагога ва масжид жойлашган бўлиб, уларни битта умумий зал бирлаштиради.

Қурилиш қиймати 47,3 млн еврога баҳоланмоқда. Ҳозирга қадар 40 млн маблағ тўпланди. Пуллар Германия федерал бюджети, шунингдек 60 дан ортиқ мамлакатдан хусусий хайрия шаклида тушган. Қурилиш ишлари 2024−2025 йилларда тугайди деб тахмин қилинмоқда. — Интерфакс.

2022 йилда БAAда «Иброҳимнинг оиласи уйи» деб номланган учта «Иброҳим динига» оид ибодатхона очилиши режалаштирилган.


Малида ташқи чегаралар ёпилди ва комендантлик соати жорий этилди

Малидаги ҳарбий ҳукумат буйруғи билан қуруқлик ва ҳаво чегаралари ёпилиб, мамлакатда комендантлик соати жорий этилмоқда. Комендантлик соати бутун мамлакат бўйлаб соат 20:00 дан 06:00 гача амал қилади. Ушбу чоралар Малида 24 май куни ҳарбийлар мамлакатнинг муваққат президенти Ба Ндао ва бош вазир Моктар Уанни ҳибсга олиб, уларни мамлакат пойтахти яқинидаги армия базасига жойлаштиргандан сўнг бошланган сиёсий инқироз билан боғлиқ ҳолда қабул қилинди. Бир кун ўтгач, вице-президент Ассими Гоита уларни барча ваколатлардан маҳрум қилганлигини эълон қилди. 27 май куни Гоитанинг маслаҳатчиларидан бири Ба Ндао ва Моктар Оан истеъфога чиқишини эълон қилганлигини маълум қилди. Мали ҳарбийлари мамлакатнинг вақтинчалик раҳбарларини озод қилди.

Шу билан бирга, 27 май куни давомида Бамакода Гаита бошчилигидаги ҳарбий гуруҳ ва Ғарбий Aфрика давлатлари иқтисодий ҳамжамияти (ECOWAS) Малига келган воситачилар делегацияси ўртасида музокаралар бўлиб ўтди. Маълум қилинишича, ECOWAS Мали ҳарбийларини Ндао ва Уанни озод қилиш учун тезкор чоралар кўрмаса, кенг санкциялар билан таҳдид қилди. Ўз навбатида, Гоита яқин икки кун ичида янги ҳукумат тайинлаш ниятида эканлигини айтди. Шу билан бирга, янги муваққат президент сайлангунга қадар, Малидаги олий ҳокимият ҳарбий кенгаш қўлида бўлади. — ТАСС.


Шунингдек:

  • БМТ метеорологларининг тахмин қилишича, яқин беш йил ичида рекорд даражада иссиқ йил бўлиши кутилмоқда. Келгуси беш йилликнинг ҳар бир йилидаги ўртача ҳарорат саноатгача бўлган даврдаги ҳарорат қийматларидан камида бир даража юқори бўлади.