«Толибон» ҳаракати ОАВда АҚШнинг минтақада Америка ҳарбий базаларини жойлаштириш ҳақидаги режалари ҳақидаги хабарлар ортидан Афғонистонга қўшни давлатларни ўз ҳудудига чет эл базаларини жойлаштирмасликка чақирди. Бу ҳақда РИА Новостига келиб тушган «Толибон» баёнотида сўз боради.

Эслатиб ўтамиз, май ойи ўрталарида The Wall Street Journal АҚШ Афғонистондан олиб чиқилган қўшинларни Марказий Осиё ёки Яқин Шарққа жойлаштириш имкониятларини кўриб чиқаётгани ҳақида ёзган эди. Энг мақбул вариантлар сифатида Ўзбекистон ва Тожикистон тилга олинган.

Толибонлар баёнотида қайд этилишича, сўнгги вақтларда турли ОАВларда «Қўшма Штатларнинг Афғонистондан қўшинлар олиб чиқилгандан кейин ҳам минтақада қолишни хоҳлаётгани ҳақидаги баёноти нашр этилмоқда. «Толибон»нинг фикрича, айнан хорижий кучлар минтақада хавфсизлик мавжуд эмаслиги ва урушларнинг асосий сабабчиси ҳисобланади.

«Биз ўз еримиздан бошқалар хавфсизлигига қарши фойдаланилмаслигини бир неча марта маълум қилдик ва бошқаларни ҳам ўз ерлари ва ҳаво ҳудудларидан мамлакатимизга қарши фойдаланмасликка чақирамиз», — дейилади баёнотда.

«Толибон» акс тақдирда «барча машаққат ва қийинчиликлар учун жавобгарлик бундай хатоларни содир этганларнинг зиммасига юклатилишини» таъкидлади.

«Биз қўшни давлатларни ҳеч ким бунга (чет эл кучларини жойлашириш — таҳр.) йўл қўймасликка қатъий чорлаймиз», — дея қайд этди толиблар.

Эслатиб ўтамиз, 2018 йил январда қабул қилинган Ўзбекистон Мудофаа доктринасига мувофиқ, мамлакатга хорижий ҳарбий база ва объектларни жойлаштиришга йўл қўйилмайди.