25 май куни Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев пойтахтда бўлиб ўтган «Беш ташаббус ҳаракати» фестивали доирасидаги ёшлар билан учрашувда мактаб ўқувчиларига сентябрь ойидан жорий этилаётган ҳоким стипендияси ҳақида маълум қилди. Бу ҳақда «Газета.uz» мухбири хабар бермоқда.

«Стипендия масаласи Худо хохласа ҳал бўлади. Ҳоким стипендияси масаласи бўйича биз ҳозир мактаб ўқувчиларига бу йилдан режа қилдик. Ҳар бир мактабдан 5 та фан физика, математика, биология ва кимё ҳамда бу йил чет тилини қўшдик. Бешта ўқувчига ҳоким стипендияси бўлади. Сентябрдан бошлаб ҳар битта ўқувчига ойига 500 минг сўмдан ва уни тарбиялаган ўқитувчисига 1 млн сўмдан берилади. 9 ой ўқиса мактабда 5 млн сўм ҳар бир яхши ўқиган, ўзлаштирган ўқувчига тегади ва 10 млн сўм уни тарбиялаган ўқитувчисига бўлади», — деди Жаҳонгир Ортиқхўжаев.

Пойтахт ҳокими ОТМ талабаларига ҳам стипендия жорий этиш масаласига тўхталиб ўтди. Унинг таъкидлашича, талабаларга ҳам стипендия ажратилишининг имкони «улар орасидан яхшилари етиши чиқиб, катта-катта солиқларни тўлаганларидан сўнг» пайдо бўлади.

«Секин-cекин бойисак [талабалар стипендияси] бўлади, бирданига ҳаммасини қила олмаймиз. Бу йил мактабда жорий қилдик, Худо хохласа ишларимиз юришиб, талабаларимиз ичидан яхшилари етишиб, катта-катта корхоналарни қуриб, улар катта-катта солиқлар тўлагандан кейин ҳоким стипендиялари пайдо бўлади. Талабалар зўр ўқиб, чет элга бориб, у ерда ишлаб, Ўзбекистонга солиқ тўламаса, қаердан бизда [стипендия] бўлади тўғрими? Ўзларингиз катта бўласизлар, ўзларингиз корхоналар очасизлар, ўзингиз солиқ тўлайсизлар ва ўшандан имкониятлар яратилади», — деди Жаҳонгир Ортиқхўжаев.