Иллюстрация: Эльдос Фазылбеков / «Газета.uz»
«У ерда баттар бузилдим»
«Мураккаб» болаларни махсус муассасаларга жойлаштириш ҳамда шу каби муассасаларнинг мавжуд бўлишини тўғри деб ҳисобловчилар сони ҳалигача кўпчиликни ташкил этади. «Газета.uz» муаллифи Екатерина Цой суд қарори асосида бир йилини ўғил болалар учун махсус ёпиқ муассасада ўтказган ўсмир билан суҳбатлашди.
Йигитнинг ҳимояси учун унинг ҳақиқий исми ва у вақт ўтказган муассаса номини эълон қилмаймиз.
Ш
уҳрат ёпиқ муассасага суд қарори асосида 2018 йилда, Қўқон ва Самарқандда шу каби муассасаларда зўравонлик ва калтаклаш ҳолатлари ҳақида маълум бўлганидан кейин мазкур муассасалар қайта ташкил этилмасидан аввалроқ тушган эди. 2019 йилда Ўзбекистон президенти уларни ислоҳ қилиш тўғрисидаги қарорни имзолади: тўртта муассаса ўрнига иккита – Тошкент вилоятининг Чиноз туманида қизлар (ИИВга бириктирилган) ва ўғил болалар учун Сирдарё вилоятининг Бахт шаҳрида (Миллий гвардияга бириктирилди) муассаса ташкил этилди.

Ўзбекистон қонунчилигида «ёпиқ муассаса» деган атама мавжуд эмас. Бироқ ўша вақтда фаолият кўрсатган барча тўрт муассасада, улардан бирида Шуҳрат ҳам бўлган, болалар ҳуқуқлари чекланган эди.

БМТнинг Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги Конвенциясига кўра (1989 йил, Ўзбекистонда 1994 йилда кучга кирган) болани ушлаб туриш, ҳибсга олиш, қамоққа олишдан фақатгина энг сўнгги чора сифатида ва сақлаш муддати имкон қадар қисқа бўлган даврга фойдаланиш мумкин.
Шуҳрат билан атрофини кўп қаватли уйлар ўраган кўримсизгина бекатда учрашдик. Қаршимда тўқ зумрад рангли бомбер (ёқасиз енгил куртка, «учувчилар курткаси» – таҳр.), замонавий толстовка ва зайтун рангли жинси кийган хушбичим йигит турарди. Унинг ташқи кўриниши гўёки ўзига тўқ оилада яшагани ва ҳеч қандай қийинчилик кўрмаганидан дарак берарди.

Қаҳрамонимдан қадрдон тумани бўйлаб экскурсия уюштиришини сўрадим. Ўз уйи деб ҳисоблайдиган жойлар ҳақида нималарни хотирлар экан?

«Ҳаммасини борича айтаверайми? Очиқ-ойдин?» – Шуҳрат бу саволни турли вазиятларда яна бир неча марта берди. Гўёки кимдир унинг машаққатли ўспиринлик ҳаётига қизиқишига ишонмагандек.

Мана, Шуҳрат онаси билан жанжаллашиб, ўз жонига қасд қилмоқчи бўлган бурчак. Мана бу эса у дўстлари билан биргаликда расм чизиб ташлаган девор.

– Бизни шу сабабли 15 суткага қамашди, ёзувни эса бўяб ташлашди, – деб ҳикоя қилади у. – Бироқ биз кейин яна қайтадан чиздик.
– Яшил панжарали анави деворни кўряпсизми? Аввал у ерда тешик бор эди, биз кечалари ўша ердан ўраб қўйилган ҳудудга ўтиб, вақтичоғлик қилардик.

– Қоровулдан қўрқмагансизларми?

– Биз кўпчилик эдик, 15-16 ёшли болалар. Аксинча, у биздан қўрқиб чиқмас эди.
Шуҳрат ўзининг «мураккаб» ўсмирлар учун мўлжалланган махсус коллежга тушишига сабаб бўлган воқеаларни эслайди. Ўшанда у яна уйидан қочиб кетган эди. Дўсти билан ёқилғи қуйиш шохобчасида яшаб турган, ўша ерда икки кунда бир ишлайдиган аёл-танишлари бўлган.
реклама
реклама
Унинг сменаси кунлари бошпанам бўларди. Қолган кунлари эса ўртоқларимникида ётиб юрдим. Кўчада яшаш қийин. Охир-оқибат дўстим чидай олмади ва уйига қайтди, мен эса буни хоҳламадим.
Бир куни Шуҳратга «маҳалласидаги» бола телефон қилиб, кўришишни таклиф қилади. У учрашув жойи сифатида иккита узун кўп қаватли уй ўртасидаги тор йўлни белгилайди. Учрашув жойига борган Шуҳрат бунинг тузоқ эканини англаб етди. У фақат чапга ёки ўнгга қочиши мумкин эди, бироқ ҳар икки томондан ҳам ИИБ ходимлари уни сиқиб келишарди.

Шуҳратнинг айтишича, уни зўрлик билан оиласига қайтаришган. Сўнгра уй қамоғига ҳукм қилишди. Энди ўсмир уйдан ташқарига фақат участка нозири ҳамроҳлигида чиқа оларди, шунда ҳам ёпиқ муассасага жойлашиши учун маълумотнома олиш ёки ташхистопшириш мақсадида.

Шуҳратнинг онаси билан телефон орқали гаплаша олдик. У ўғлининг хулқ-атворига на ўзи, на профилактика инспектори ва на мактаб маъмурияти таъсир кўрсата олмаганини таъкидлади.

«“Малолетка”га (ўғил болалар учун махсус мактабга – таҳр.) мени онам жойлаштирди, - дейди Шуҳрат. – Вояга етмаганлар ишлари бўйича комиссияга мени эплай олмаётгани, ўғлини у ерга жўнатишларини айтди. Мен ўшанда ҳатто отамга ҳам мурожаат қилдим, ҳолбуки унинг аллақачон бошқа оиласи бор эди. Ишни олиб борган мент (ИИБ ходими – таҳр.) отам ариза ёзиб, жавобгарликни зиммасига олса, мени муассасага жойлаштирмаслигини айтди. Отамнинг олдига бордим, вазиятни тушунтирдим, у бўлса: “Қани, бир-икки йил ўша ерда ўтириб тур, чиқишинг билан мен сенга салон очиб бераман”, — деди. Ҳеч нарса демадим — шунчаки қайрилдим ва кетдим».
Ўғли тарбия муассасасига жойлаштирилишидан аввал Шуҳратнинг онаси у ерга бориб, муассасани кўзда кечиради, директор билан суҳбатлашади. Унинг сўзларига кўра, муассасанинг аҳволи «ғариб бўлган, бироқ бошқа қаерга борсин». Ҳаммасидан чарчаган аёл учун ёпиқ муассаса унчалик ёмон эмасдек кўринди. У ерда ўғли ҳеч қандай қўрқинчли ва тузатиб бўлмас нарса (узоқ вақт қамоқда ўтиришига тўғри келадиган) қилолмайди.
Суд Шуҳратнинг уйдан қочишлари, у қатнашган жанжаллар, дарс қолдиришлари, педагогларга нисбатан қўллаган номақбул сўзлари ва каннабис (марихуана) чекишии ғайриижтимоий ҳаракатлар дея таснифлади ва улар болани ёпиқ муассасага жойлаштиришга асос бўлиб хизмат қилади, деган қарорга келди.
У ерда ўтказган вақтларини ёдга олар экан, Шуҳрат «ёпишди», «ўтирдим», «чиқдим», «озодликда» деган сўзларни қўллайди.
Чунки бу ўз номи билан «малолетка», – дейди у. – У ерга тушиб ҳамма нарсани кўрнаимд, ўз жонимга қасд қилишни хоҳладим. Қочиб бўлмайди – нотаниш шаҳар, қўриқчилар, пул ҳам йўқ.
Ёпиқ муассасага тушган куни Шуҳрат билан психолог аёл суҳбатлашган. У ким экани, қаерда яшаши, бу ерга нима учун тушганини сўраган. Ўшанда у психолог аёлни биринчи ва охирги марта кўрди.

Шуҳратнинг олдига онаси биринчи марта келганида, у чиқишни хоҳламади. Тарбиячилар кўндиришди. Асаблар дош бера олмади – у йиғлаб юборди. Унинг эслашича, онаси ойига бир-икки марта келиб, унга овқат ва кийимлар келтирган. Тўғри, қишда ҳар доим ҳам иссиқ кийинмаган – «даҳшатли ўғрилик» бўларди. Кечқурун курткангни илиб қўясан, эрталаб эса у йўқ. Навбатдаги ота-оналар ташрифигачасовқотиб ўтиришга тўғри келади.

«Яхшиям онам келарди, айримларнинг олдига ҳеч ким келмас эди. Улар қандай яшаб қолди экан – билмайман».

Муассасадаги шароит ёмон эди, дея давом эттиради у. Овқатлар бемаза эди.
Мен бундай бемаза овқат емаганман ҳеч. Биринчисига шўрва беришарди, ичида фақат карам ва ёрма бор эди. Иккинчисига - нўхат бўтқаси. Эртаси куни маҳсулотлар шунчаки жойларини ўзгартирарди: нўхат ва карам шўрвада сузиб юрар, ликопчада эса гречка ёки перловка ётарди. Нон киши бошига икки бўлакдан бериларди. Лекин қўшимча бўлак нонни сотиб олишингиз мумкин. Нонушта учун - сохта сариёғ бўлаги, жуда кичкина, ҳатто битта бўлак нонга ҳам суртиб бўлмайди. Бу озиқ-овқат комиссиядан одамлар келганида яхшиланарди. Бундай кунларда бизга палов беришарди.
Шуҳрат ҳар доим қатор бўлиб юришганини хотирлайди: тушликка, машғулотларга, душга, ҳожатхонага. Бир кунда бир неча марта сафга туришган, уларда маъмурият тарбиланувчилар сонини санашарди – ҳеч ким қочиб кетмаганлигини аниқлаш учун.
Ёзда қийин бўларди: ҳарорат шунчалик баланд бўлардики, терида куйишлар юзага келарди, дарахтлар йўқ эди, бутун саф ҳовли бўйлаб ғозқадам қилиб юрар ёки югурарди. Одатга кўра «қулоқ» (Шуҳрат русча «стукач» жаргон сўзини қўллаган – таҳр.) буйруқ беради: “Текислан! Ростлан! Қадам бос!”. Кимдир гапирса у тепиши ёки шапалоқ тортиши мумкин. Жавоб қайтариш эса мумкин эмас – ўзингга муаммо орттирасан.
реклама
реклама
Аввалига Шуҳрат қаршилик қиларди, ўқитувчилар билан баҳслашарди, ўзининг ҳақлигини исботларди. Улар эса унга паст назар билан қараб: «Сен шунчаки янгисан, ҳали тартибларни билмайсан», – дейишди. Ҳақиқатдан ҳам, вақт ўтиши билан тинчланишига, ўзини босиб олишига тўғри келди.
Жазолаш учун карцерга – кафел билан қопланган 2х2 хонага қамаб қўйишарди. Биринчи марта у ерга келганимдан икки ҳафта ўтиб тушдим. Муштлашдим ва уч кунга қамалдим. Асосий вақтимни тиззалаб ўтирганча ўтказдим, оёқларим чарчаганида кафелга ўтирардим. Узуқ-юлуқ ухладим. Карцер қишда совуқ, ёзда жазирама иссиқ бўларди. Вақт тўхтаб қолгандек бўлади. Ниманидир куйлардим,ўз ҳаётимни лаънатлардим.
Шуҳрат буларнинг барчасини тўпори соддалик билан айтиб беради. Болалигида бахтиёр лаҳзалар бўлганмикан – билишни хоҳлайман. Бироқ у узоқ сукутга кўмилди. Бўлиши керак. Оиласини олиб қарасак – эл қатори: онаси «оқ ёқали»лардан, бувиси ва буваси зиёли инсонлар, ҳеч ким ичмасди. Аммо унинг ёдига бошқа хотиралар маккорлик билан қуйила бошлайди: бола ёмон баҳо олса, уйига боришга қўрқарди, чунки онаси камар билан саваларди. Катта бўлса ҳамманинг таъзирини бериб қўйиш ҳақида хаёл сурарди.

«Ўша ерда аслида кимга керак эканлигимни тушуниб етдим. Бирорта ҳам дўстим мени кўришга келмади. Умуман, онамдан бошқа ҳеч ким келмади, бироқ у буни қариндошлари олдида уялиб қолмаслик учун хўжакўрсинга қилди. Шунақа хаёллар билан яшайман, бу менга ёрдам беради, куч беради».

Махсус муассасадан чиққан куни Шуҳратўзини узоқ йиллардан бери озодликда бўлмагандек ҳис этди. Шаҳарда ҳамма нарса ўзгарганди. У яна ҳамма нарсага кўникиши керак эди. Уйга қайтиб, аввалованнани тўлдирди ва у ерда узоқ ётди. Ҳозир у офисда ишлайди ва ўтмишни эсламасликка ҳаракат қилади. У оиласи, дўстлари соғ-саломат бўлишини ва рисоладагидек ҳаёт кечиришини орзу қилади.
«Ота-оналар фарзандларини бу каби жойларга жўнатишни бас қилишларини хоҳлайман… Ўшанда онамга айтгандим, ҳозир ҳам такрорлайман: у ерда ўсмирлар баттар бузилади… Мен чиққанимдан тўрт ойдан кейин Тоштурмага тушдим», – дейди Шуҳрат тафсилотларга берилмасдан.
Ўзбекистондаги БМТ Болалар жамғармаси (ЮНИСЕФ) изоҳи
ЮНИСЕФ ҳукуматдагиҳамкорлари билан ихтисослаштирилган таълим-тарбия муассасаларида болалар ҳолатини баҳолади. Баҳолаш натижаларига кўра, ўспиринларнинг бу каби ташкилотларга тушишларига жиноят содир этиш эмас, балки «ғайриижтимоий хатти-ҳаракатлар» асосий сабаб бўлади.

Бунга кўпинча болалар оилаларидаги мураккаб вазиятлар, зўравонлик, шафқатсиз муомала ва эътиборсизлик, ота-оналар/васийларназоратининг йўқлиги, оила аъзолари ўртасидаги муносабатларнинг ёмонлиги ва оиланингмоддий имкониятлари йўқлиги сабаб бўлади.

Баъзан ота-оналарнинг ўзлари боласи билан умумий тил топа олмасликлари ёки унинг ҳатти-ҳаракатларига дош бермасликларига ишора қилиб, болани ёпиқ муассасага жойлаштиришни сўрашади. Aфсуски, баъзи ҳолларда мактаблар болаларни бундай муассасаларга жойлаштириш ташаббускори ҳисобланади.
Ота-оналар кўпинча ўз фарзандларини хоҳлаган вақтларида ёпиқ муассасадан олиб кетишларига ишониб хато қилишади. Aслида ўспиринни қайтариб олиш учун муассаса жойлашган вояга етмаганлар ишлари бўйича комиссия қарори зарур.
Комиссия ота-оналарнинг аризасини кўриб чиқади, шунингдек, ўспирин ўз ҳатти-ҳаракатларини тузатган-тузатмаганини аниқлаш учун махсус муассаса ички комиссиясининг хулосасини тинглайди. Ва фақат ушбу томонларнинг ўзаро ижобий хулосаси билан ўқувчи ўз оиласига қайтиши мумкин.
Ёпиқ типдаги муассасаларда салбий тажрибага эга болалар кўп. Ўсмирларнинг хулқ-атвори турли сабабларга кўра мураккаблашади: оиладаги ноқулай шароит, ота-оналар алкоголизми, жисмоний, эмоционал, жинсий зўравонлик, шунингдек, оилада соғлом ўсиш ва ривожланиш учун боланинг асосий эҳтиёжларини эътиборсиз қолдириш.
Бола ҳеч қачон ўз-ўзидан,ўзига ва бошқаларга жаҳл қилиб ўзини ёмон тутмайди. Бу ҳатти-ҳаракатлар унинг ёрдам сўраб қилган фарёдларидир. Шикастланган бола ўз ҳис-туйғулари ва ҳатти-ҳаракатларини тушуна олмайди, ҳиссиётлар асирлигида яшайди. У ички туйғулари таъсирида яқинларидан кўрмаган ғамхўрлик ва меҳр-муҳаббатни қалб жароҳатлари маркази ташқарисидан тўлдириш йўлларини излайди. Ушбу бўшлиқ гиёҳвандлик ва алкоголга қарамликни келтириб чиқариши кўп учраб туради.
Ўзларининг салбий қарорлари, ёндашувлари ва одатларини ишлаб чиққан ўксик қалбли болалар билан яқин алоқада бўлиш боланинг дунёқараши ва хулқ-атворида из қолдиради. Хулқ-атворни яхши томонга ўзгартириш учун ўспиринлар дўстона тенгдошлари ва катталар билан ўзаро муносабатда бўлишлари керак. Уларнинг ташқи таъсирларга нисбатан чидамлилигини оширишга ёрдам бериш, албатта, оилалардаги вазиятни ҳамда ота-оналар ва ҳомийларнинг ўз фарзандларига бўлган муносабатларини ўзгартиришлари муҳимдир.
Болаларни ёпиқ муассасаларга жойлаштириш ҳолатларини камайтириш учун ЮНИСЕФ Ўзбекистон ҳукумати билан болаларни бундай муассасаларга жойлаштиришнинг олдини олиш, у ерда бўлганларни реабилитация қилиш ва оилаларни бирлаштириш (реинтеграция) бўйича яқин ҳамкорлик қилмоқда.

Профилактика жойларда вояга етмаганларни ёпиқ муассасаларга жойлаштиришнинг олдини олиш бўйича мутахассислар салоҳиятини кучайтиришга қаратилган.

Реабилитация болалар таълим-тарбия муассасасида бўлган вақтида амалга оширилади. У болага мураккабҳатти-ҳаракатларни келтириб чиқарган муаммоларни енгишга ёрдам беришга мўлжалланган. Иш ўспириннинг психоэмоционал ҳолатига мос равишда олиб борилади ва касбий кўникмалар ўргатилади, ўқишида ёрдам берилади.

Реинтеграция жараёнида эса мутахассислар оила билан ишлайдилар. Улар боланинг уйдан чиқиб кетишига сабаб бўлган ҳамда кейинчалик ноқонуний ёки боланинг соғлиғи ва ҳаёти учун хавфли вазиятларга олиб келган муаммоларни аниқлайдилар. Ушбу муаммоларни ҳал қилиш учун оила ва жамиятдаги носоғлом муҳитни ўзгартириш, ўспирин ўз ҳуқуқлари ва имкониятларини тиклаши учун керакли ёрдамни топадиган ғамхўрлик муҳитини яратиш мақсадида ёрдам кўрсатилади.
реклама
реклама
Бизнинг мақсадимиз - болаларни ҳимоя қилиш тизимини такомиллаштиришга ёрдам бериш ва ёшларга ўз ҳолатларини ижобий томонга ўзгартиришлари учун кўмаклашиш. Ёпиқ муассасани тарк этгандан сўнг улар қийин ҳаётий вазиятни енгишга қодир бўлишлари муҳимдир. Бу қийин иш, чунки кўпинча ёпиқ муассасалардаги болаларнинг муаммолари уларнинг оилаларидаги вазият билан чамбарчас боғлиқдир. Оилавий муаммоларни биргаликда ҳал қилиш учун тор мутахассислар боланинг ўзи, унинг ота-онаси ва бошқа оила аъзолари, шунингдек, маҳаллий ҳамжамият билан интенсив ишлаши зарур.
Халқаро амалиётга кўра, оила билан ишлаш бола муассасадан қайтгунига қадар амалга оширилиши керак. Оила унинг қайтишига тайёр бўлиши керак. Боланинг мураккабҳатти-ҳаракатига сабаб бўлган муаммоларни ҳал қилиш керак. Aгар бу амалга ошмаса, унда қайта интеграция бўлмайди ва боланинг яна уйдан чиқиб кетиши эҳтимоли катта бўлади.
Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги билан биргаликда биз болаларни қайта интеграция қилишнинг индивидуал режаларини тузиш ва улардан фойдаланиш бўйича маҳаллий мутахассисларни тайёрлаш бўйича катта ишларни амалга оширдик.

Aгарда болани оиласига қайтариб бериш имконияти мавжуд бўлмаса, муқобил вариантларни: болага васийлик/ҳомийлик/патронатни расмийлаштира оладиган қариндошлари ёки танишларинитопиш керак бўлади.

Боланинг ва оиланинг муаммолари ҳал бўлгунча иш давом этиши керак. Бошқача қилиб айтганда, оилалар ва болалар вазиятни ўзгартириш учун зарур бўлган барча хизматлардан фойдаланишлари керак.

Биз Маҳалла вазирлиги билан ишлаб, фуқаролар йиғини раисининг оилалар ва аёллар билан ишлаш бўйича ўринбосарлари оилалар ва болаларга хизматлар кўрсатилишинимувофиқлаштириш учун жавобгар бўлган механизмни ишлаб чиқдик.

Уларнинг оилалар билан ишлаш ва ёрдам кўрсатиш бўйича сифатини Маҳалла вазирлигининг туман ва вилоят бўлимлари мутахассислари мониторинг қилиб боришлари керак.
Матнни Екатерина Цой тайёрлади.
Иллюстрацилар: Эльдос Фазылбеков / «Газета.uz»
Материалларга бўлган барча ҳуқуқлар муаллиф ва «Газета.uz» нашрига тегишли. www.gazeta.uz сайтига жойлаштирилган ва «Газета.uz»га тегишли фото-, график ва бошқа материаллардан учинчи шахслар томонидан ҳар қандай кўринишда фойдаланиш тақиқланади.

Изоҳ

Жунатиш Чиқиб кетиш Бекор қилиш Муаллиф: 6000 та белги қолди.
"Газета.uz"да рўйхатдан ўтиш

Қўшимча имкониятларга эга булиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг