Илгари Ўзбекистонга тегишли бўлган Боғис ва Хиёбон қишлоқлари расман Қозоғистоннинг Туркистон вилояти таркибига киритилди. Бу ҳақда Қозоғистон ҳукуматининг қарори қабул қилинди.

Tengrinews.kz 2002 йилда Ўзбекистон ва Қозоғистоннинг биринчи президентлари ўзбек-қозоқ давлат чегарасининг алоҳида участкалари тўғрисидаги икки томонлама шартномани имзолаганини эслатиб ўтди. Унга асосланиб, «Deutsche Welle»нинг ёзишича, Боғис қишлоғи ва бешта аҳоли пунктига эга Арнасой тўғони имзоланган шартномага мувофиқ, Ўзбекистондан Қозоғистонга ўтказилган.

Ўзбекистонга учта аҳоли яшаш пункти: Қизилўрда вилоятининг Қорақалпоқ тумани ва Туркистон қишлоғидаги Нсан-1, Нсан-2 ва Боймурот берилган.

Қозоғистонга Хиёбон қишлоғи ҳукуматлараро комиссиянинг 2004 йилдаги баённомасига асосан ўтказилган, дея аниқлик киритди «Нигоҳ» телеграм канали.

Қозоғистон ҳукумати қарори билан 750 гектар майдонга эга Боғис қишлоғи Акжар қишлоғи округига ва 45,62 гектар майдонга эга Хиёбон қишлоғи — Сариағаш туманининг Куркелес қишлоғи округига қўшилди.

Боғис қишлоғининг жойлашуви. Фото: Wikipedia.org.

Қозоғистон нашрининг ёзишича, Боғис қишлоғидаги уйларнинг бир қанчаси мақоми аниқланмагани учун 19 йил давомида расман рўйхатга олинмасдан келган. Аҳоли яшаш пункти Қозоғистоннинг расмий харитасига ҳам расман киритилмаган. Аҳоли ушбу масалани бир неча бор ҳокимият олдида кўтариб чиққан.

Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев аввалроқ, ҳукуматга Боғис ва Хиёбон қишлоқлари билан боғлиқ вазиятни ҳал қилишни буюрган эди.

Tengrinews.kz ёзишича, 16 март куни бош вазир ўринбосари Ерали Туғжанов бошчилигидаги ишчи гуруҳ қишлоқлар аҳолиси билан учрашган. Одамлар мол-мулк ва ер участкаларини расмийлаштириш каби муаммоларни кўтаришган.

Натижада аҳоли яшаш пунктлари расмий мақомга эга бўлиб, уларнинг чегараси белгилаб берилди. Ер майдонлари ва мол-мулкни инвентаризация қилиш ишлари якунланди. Июль ойида минтақанинг олтита қишлоқни табиий газ билан таъминлашга ваъда берилди ва келгуси йили Боғисда 300 ўринли мактаб қурилиши айтилди.

Нашр Қозоғистон ТИВга таяниб, Боғис қишлоғи яқинидаги давлат чегарасининг бир қисмини демаркация қилиш 2004 йилда амалга оширилганини маълум қилди.

Қозоғистон-Ўзбекистон давлат чегарасини демаркация қилиш тўғрисида шартнома тузиш орқали Ўзбекистон билан чегарани демаркация қилиш ишларини бир-икки йил ичида якунлаш режалаштирилган, дейилади хабарда.