Президент Шавкат Мирзиёев фармони билан Шоазим Миноваров президентининг жамоат ва диний ташкилотлар билан ҳамкорлик масалалари бўйича маслаҳатчиси лавозимига тайинланди. Бу хақда президент матбуот хизмати хабар бермоқда.

Шоазим Миноваров 2017 йилда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази директори лавозимига тайинланган.

Тошкент Француз альянсига ташкил этилган 2015 йилдан буён раҳбарлик қилган. Тажрибали дипломат ва таржимон сифатида эътироф этилиб, фрунцуз ҳукуматининг «Хизматлари учун» кавалер ордени билан тақдирланган.

Шунингдек, Шоазим Миноваров турли йилларда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита раиси, президентининг Давлат маслаҳатчиси, Ташқи ишлар вазирининг ўринбосари, Ўзбекистоннинг Миср Араб Республикасидаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси лавозимларида фаолият юритган.

Шоазим Миноваров — «Мустақилликнинг 15 йиллиги» кўкрак нишони ва «Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 25 йиллиги» кўкрак нишонлари билан тақдирланган.

Эслатиб ўтамиз, президентнинг жамоат ва диний ташкилотлар билан ҳамкорлик масалалари бўйича маслаҳатчиси Рустам Қосимов 2021 йил 7 май куни вафот этган эди.