25 май куни Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев пойтахтда бўлиб ўтаётган «Беш ташаббус ҳаракати» фестивали доирасида ёшлар билан учрашди, дея хабар бермоқда «Газета.uz» мухбири.

«Яқинда бир модел ўйлаб чиқдик. Унга кўра, ҳокимлик ишчилари умуман ҳокимлик биносида ўтириши нотўғри деб ҳисоблаймиз. Тўғрисини айтсам, ўзим ҳам катта бир ангарни ичида ўтиришни хоҳлаяпман. У ёшлар, умуман ҳамманинг кириб чиқиши осон бўлган жой бўлиши керак», — деди Ортиқхўжаев.

Шаҳар ҳокими, шунингдек, Қозонга (Татаристон) борганидаги тассуротлари билан ўртоқлашди. Таъкидланишича, у ерларда катта-катта музейларда, истироҳат боғларида раҳбарлар ёш-ёш кадрлар экан. У ерда ишга, тажрибага қараб лавозимни тақсимлаб беришмас экан. Танловлар ўтказиб, кадрлар саралаб олинар экан.

«Бу модел менга жуда маъқул бўлди», — дейди у.

Ҳокимнинг айтишича, 25 май куни ҳокимликда ўтказилган йиғилишда шаҳардаги театр, майдон, боғларни, музейларни, маданият саройларини қайта реконструкция қилиш, уларни жозибадор қилиш, ёшларга шароит яратиш, IT мутахассиси бўлган ёшлар учун ижарага эмас, бепул жойлар ажратиш, коворкинг марказларини яратиш масаласи муҳокама қилинган.