20 май куни Болаларни давлат мактабгача таълим муассасаларига қабул қилиш бўйича давлат хизматлари кўрсатишнинг маъмурий регламентига ўзгартиришлар киритилди, дея хабар бермоқда Huquqiy-axborot Telegram-канали.

Ўзгартиришларга кўра, мактабгача ташкилотларга устунлик билан қабул қилиниш ҳуқуқига эга болалар рўйхати (имтиёзли рўйхат) янгиланди.

Эндиликда болаларнинг қуйидаги контингенти боғчага устунлик билан қабул қилиниш ҳуқуқига эга бўлади:

  • I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларнинг болалари (илгари — ногирон бўлган шахсларнинг болалари);
  • кўп болали оилаларнинг болалари;
  • етим болалар ёки ота-онасининг қаровисиз қолган болалар;
  • «Аёллар дафтари»га киритилган ижтимоий ҳимояга муҳтож ёлғиз аёлларнинг болалари;
  • контракт бўйича ҳарбий хизматчиларнинг ва ички ишлар органлари ходимларининг болалари (илгари — ҳарбий хизматчиларнинг ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларининг болалари);
  • талабалар ва педагогларнинг болалари;
  • акалари ёки опалари ушбу муассасанинг тарбияланувчилари жумласидан бўлган болалар;
  • кўп тармоқли ихтисослаштирилган мактабгача ташкилотлардан умумий турдаги мактабгача ташкилотларга ўтказилаётган соғайган болалар (илгари — бошқа муассасалардан ўтказилган болалар).

Бундан аввал, боғчага қабул қилиш учун имтиёзли рўйхатга киритилган болаларнинг имтиёзлари уларга йўлланма берилгунга қадар сақланиб қолинади, дейилади хабарда.

Болаларни имтиёзли рўйхат бўйича қабул қилиш давлат-хусусий шерикликка асосланган нодавлат мактабгача таълим ташкилотларига татбиқ этилмайди.

Жорий ўқув йилининг 31 май кунига қадар 7 ёшга тўладиган болаларнинг сўровномалари ушбу санада бекор қилинади ҳамда автоматик равишда навбатдан чиқарилади.