23 май куни кечқурун Тошкентда кучли ёмғир ёғиши натижасида шаҳар кўчаларини сув босди.

Ижтимоий тармоқлардаги маълумотларга кўра, кучли ёмғир сабаб Aрча кўчада автомашиналар «сузиб юрган».

Кучли ёмғир оқибатида Тошкент кўчаларини тўлдирган ёмғир суви йўловчи автобуслари ичига ҳам кириб келган.

Тошкент архитектура-қурилиш институти талабалар ётоқхонасига ҳам ёмғир сизиб ўтгани айтилмоқда.

Шунингдек, Тошкент телеминорасини чақмоқ ургани ҳамда телеминоранинг энг юқорисидаги Ўзбекистон байроғи ёниб кетгани тўгрисида Aхборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги расмий ахборот берди.

Қайд этилишича, Тошкент шаҳридаги кузатилган ноқулай об-ҳаво шароити вақтида телеминорага тўғридан тўғри чақмоқ уриш ҳодисаси содир бўлмаган, видео олинган ракурсдан чақмоқ ургани қайд этилган бўлса-да, аслида чақмоқ содир бўлиши телеминорадан маълум бир масофада бўлиб ўтган.

Маълумотга кўра, Тошкент телеминорасининг байроғи ёнган видео ҳам ёлғон хабар бўлиб, телеминора байроғи паст қисмидаги огоҳлантирувчи қизил чироқлар шуъласи байроққа тушиб ушбу ҳолатни акс эттирган.

Тошкент телеминораси кучли чақмоқ уришига қарши ҳимоя тизими ва ерга уланиш контурлари билан таъминланган бўлиб, чақмоқ уриш хавфидан тўлиқ ҳимояланганлиги айтилади.

«Бугунги кунда Тошкент телеминорасида барча техник қурилмалар барқарор ишлаётгани ва аҳолига телерадиодастурлар узлуксиз тарқатиб келинмоқда», — дейилади хабарда.

Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг маълум қилишича, телеминорага «ҳақиқатан ҳам чақмоқ урилган», бироқ бунинг оқибатида иншоотга шикаст етмаган, телеминора одатдаги тартибда ишламоқда.