Мактабгача таълим вазирининг биринчи ўринбосари Олимов Қаҳрамон Танзилович лавозимидан озод этилди, вазирнинг бошқа ўринбосарлар эса ўз вазифасини бажарувчи даражасига туширилган.

Бу ҳақда Шавкат Мирзиёев бошчилигида 24 май куни ўтказилган ҳудудларда мактабгача таълим муассасалари қамровини кенгайтириш масалалари муҳокамасига бағишланган йиғилишда қайд этилган.

Унда республика бўйича 53 та туманда боғчалар етишмаслиги айтилган. Мисол учун, Сурхондарё вилоятининг Бандихон, Денов, Қумқўрғон, Қашқадарё вилоятининг Чироқчи, Қамаши ва Китоб, Тошкент вилоятининг Янгийўл туманларида қамров даражаси жуда паст.

Давлат раҳбари йиғилишда соҳадаги кўплаб камчиликларни танқидий таҳлил қилган.

Натижада ўз фаолиятида сусткашликка йўл қўйган мактабгача таълим вазирининг биринчи ўринбосари ишдан олинган. Олимов Қаҳрамон Танзилович мазкур лавозимда 2020 йилнинг 6 мартидан бери фаолият юритиб келаётган эди.

Қолаверса, вазирнинг бошқа ўринбосарлари ҳамда вазирликнинг барча ҳудудий бошқармалари бошлиқлари ўз вазифасини бажарувчи даражасига туширилди. Уларнинг ўз лавозимига лойиқлиги кейинги фаолияти натижадорлиги таҳлили асосида кўриб чиқилиши белгиланди.

Йиғилишда шунингдек, муаммо ва камчиликларни бартараф этиш, мактабгача таълим қамрови ва сифатини ошириш масалалари муҳокама қилинган.


Жумладан, мазкур 53 та туманда 34 минг ўринли 2 мингта оилавий боғча ташкил этиш чоралари белгиланди. Бундай боғчаларга қўшимча ишчи ёллашга рухсат бериб, қабул қилинадиган болалар сонини икки баробар ошириш таклифи маъқулланди.

Давлат раҳбари асосийси таълим-тарбия мазмуни эканини таъкидлаб, оилавий боғчаларга ўқув қўлланма ва методик материалларни бепул етказиб бериш вазифасини қўйди. Бунинг учун давлат томонидан жами 30 млрд сўм ажратилади. Шунингдек, бундай муассасаларни зарур жиҳозлар билан таъминлаш учун 5 фоиз ставкада 30 млн сўмгача имтиёзли кредитлар берилади.

Олис ҳудудларда мактабгача таълим қамровини кенгайтиришнинг яна бир манбаси — ДХШ асосидаги боғчалардир. Бугунги кунда бундай муассасаларда бир бола учун 50 фоиз харажатлар субсидия қилиб келинмоқда.

Йиғилишда ушбу субсидия миқдорини 75 фоизга етказиш, хусусий боғчаларнинг электр энергияси ва табиий газ тўловининг 50 фоизини давлат бюджетидан қоплаш бўйича кўрсатмалар берилди.


Бундан ташқари, пандемия сабабли тўлиқ қувватда ишламаган давлат-хусусий шериклик боғчаларнинг кредитлари бўйича асосий қарз тўлови муддати ҳам йил якунига қадар узайтирилди.

2021−2022 йилларда 23 та туманнинг олис ва чекка ҳудудларида 50 та мактабгача таълим муассасаси барпо этиш режалаштирилган. Бунинг учун қамров даражаси энг паст ва болалар сони 250 тадан ошган 50 та маҳалла танлаб олинган. Президент ушбу боғчаларни илғор хорижий тажриба асосида қуриш, замонавий жиҳозлар ва қўлланмалар билан таъминлаш юзасидан топшириқлар берди.

Шу билан бирга, мактабгача таълим муассасаларининг 12 минг нафар ходимини ўқитиш ва малакасини ошириш бўйича қисқа муддатли курслар ташкил этилиши белгиланди.