«Тошкент беш ташаббус ҳаракати» доирасида ёшлар билан мулоқотда бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Нозим Хусанов давлат корхоналаридаги ойлик маош ва иш ўринлари масаласида берилган саволга жавоб қайтарди. Бу ҳақда «Халқ сўзи» хабар берди.

«Ойликлар кам деганингизга. Биринчидан катта корхонанинг харажатлари ҳам катта бўлади. Шунинг учун ҳам кўпгина давлатларда иш ўрнини давлат яратмаяпти. Давлат аксинча, иш ўрнини яратиш учун имконият шароит яратиб бериши керак. Шунинг учун бизда тадбиркорликни ривожлантиришга асосий урғу берилмоқда. Уларни молиялаштириш, уларга шароитлар яратиб бериш, керак бўлса ер ва бошқа имкониятлар яратиб берилмоқда», — дейди вазир.

Унинг сўзларига кўра, «корхона қанчалик кичкина бўлса, унинг харажатлари, таннарх ҳам шунча паст бўлади ва бу орқали иш ўринлари, ойликлар ҳам нисбатан яхши бўлади».

Шунингдек, вазир Ўзбекистондаги ишсизлик даражаси борасида берилган саволга жавоб қайтарди, дея хабар бермоқда «Bugun.uz».

Таъкидланишича, 2020 йилда коронавирус пандемияси сабабли ишсизлар сони кўпайган.

«Коронавирус пандемияси туфайли ўтган йили ишсизлик кўпайди. Меҳнатга лаёқатли фуқароларга нисбатан учинчи чорак натижаларига кўра (2020 йил), бизнинг мамлакатда ишсизлик даражаси 15 фоизни ташкил этди. Жорий йилнинг биринчи чораги натижаларига кўра, 10,5 фоиз. Тизимли ишлар бу борада салбий кўрсаткичларнинг пасайишига ёрдам берди. Жорий йилнинг биринчи чораги ва ўтган йилнинг тўртинчи чораги давомида жойларда корхоналаримизни қайта тиклаш бўйича кенг кўламли тадбирлар ўтказилди. Улардан баъзилари учун тадбиркорлар зарарларини қоплашлари учун кредит таътиллари ёки муддатларини узайтириш чоралари, шунингдек, бошқа чоралар кўрилган», — дейди у.

Нозим Хусанов янги иш ўринлари яратиш дастури тасдиқлангани, уларнинг сони 457 мингтани ташкил этишини маълум қилган.

«Яқинда янги иш ўринлари яратиш дастури тасдиқланди, уларнинг сони 457 мингтани ташкил этади. Бир неча йўналишларда — янги инвестиция лойиҳаларини жорий этиш, янги минтақавий инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш, янги тадбиркорлик субъектларини яратиш, шунингдек, ижтимоий соҳада ижтимоий объектларни қуриш орқали ҳам иш ўринларини яратиш режалаштирилган. Бизнинг вазирлик жараённи назорат қилади, мониторинг олиб боради, барча нормалар ва режаларга риоя қилиниши бўйича Вазирлар Маҳкамасига маълумот тақдим этади», — дейди вазир.