Тошкент вилояти жисмоний тарбия ва спорт бошқармаси (ҳозирда Туризм ва спорт бошқармаси) мансабдор ва моддий жавобгар шахсларига нисбатан жиноий иш қўзғатилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Бош прокуратураси матбуот хизмати хабар қилди.

Нурафшон шаҳар прокуратураси Жиноят кодексининг 167 (Ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) ва 209- (Мансаб сохтакорлиги) моддалари асосида тергов ҳаракатларини олиб бормоқда.

Жиноят иши доирасида, 21 май куни вилоят жисмоний тарбия ва спорт бошқармаси бошлиғига ЖКнинг 167-моддаси 2-қисми «а, в, г» бандлари (Ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш, кўп миқдорда; бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб; мансаб мавқеини суиистеъмол қилиш йўли билан) бўйича айб эълон қилиниб, суднинг ажрими билан «қамоққа олиш» эҳтиёт чораси қўлланилган.

Мазкур баёнот ижтимоий тармоқларда 2019 йил декабрь ойида Тошкент вилояти Жисмоний тарбия ва спорт бошқармаси (ҳозирда Туризм ва спорт бошқармаси) бошлиғи лавозимига тайинланган Комилжон Адилов қамоққа олингани ҳақидаги гап-сўзлар ортидан эълон қилинди.

«Олтин воҳа» Телеграм-каналининг қайд этишича, жорий йил ушбу бошқарма тугатилиб, туризм ва спорт битта тузилма остига бирлаштирилгач, умумий раҳбарлик вилоят ҳокими ўринбосарига юклатилган.

Хабар қилинишича, яқинда бошқармани КРУ текширган ва умумий ҳисобда 50 миллион сўм камомад чиққан.