23 май куни Наманганда анъанавий Халқаро гуллар фестивали бошланди. Жорий йилда 1961 йилдан буён ўтказиб келинаётган фестивалнинг юбилейи ношонланади.

Туризм ва спорт вазирлиги матбуот хизматининг маълум қилишича, тадбирларда 150 нафардан зиёд флорист тадбиркор ҳамда 300 нафардан ортиқ ҳаваскор гулчилар қатнашиши кутилмоқда.

Жорий йилда фестивал тарихида илк бор 10 миллион туп гул кўчатлари ўтқазилиши кутилмоқда.

Тадбир гуллар билан безатилган автомобиллар паради билан бошланди. Унда ранг-баранг гуллар билан нақшинкор кўринишда безатилган 150 дан ортиқ транспорт воситаси, автомобиллар ва мотоцикллар Наманган кўчалари бўйлаб ҳаракатланди. Улар орасида комбайнлар, тракторлар, автокранлар ва ҳарбий техникаларни ҳам кўриш мумкин.

Шунингдек, тадбир доирасида кўргазмалар, мода намойишлари, қўл санъатлари ярмаркалари, афсоналар водийси боғидаги гала-концерт ва бошқалар бўлиб ўтади.

Фестивалга Жанубий Корея, Россия, Туркия, Голландия, Қирғизистон, Тожикистон, Қозоғистон ва Туркманистон каби давлатлардан меҳмонлар таклиф этилган.

Фестивал 31 майга қадар давом этади.

Фото