20 май тонги соат 7:35 да Сергели тумани «Пастдархон» МФЙ Наврўз 6-тор кўчасида жойлашган хонадонларнинг бирида ёнғин бўлаётганлиги юзасидан Тошкент шаҳар Фавқулодда вазиятлар бошқармасининг тезкор-қутқарув гуруҳига хабар келиб тушган. Ярим соатдан сўнг ФВВ матбуот хизмати ёнғин ҳақида дастлабки ахборот берган ва бу вақтда фақат битта хонадонда ёнғин қайд этилган бўлган.

Шанба куни ФВВ мазкур ҳодиса юзасидан қўшимча маълумотларни тақдим этди. Унга кўра, ёнғин жойига биринчи бўлинма соат 7−45да, яъни 10 дақиқада етиб борган, қолган ёнғин-қутқарув бўлинмалари соат 07−47дан соат 08−24 га қадар, жами 5 та бўлинма ёнғин жойига етиб борган.

«Ёнғин содир бўлган хонадон қўшни хонадонларга зич қилиб қурилганлиги, ёнғинга қарши деворлар бўлмаганлиги, шу билан бирга, шамол тезлиги юқори бўлиб турганлиги сабабли ёнғин бошқа хонадонларга ҳам тезлик билан тарқалиб, натижада 3 та хонадонга тегишли 200 м² майдонда ёнғин юзага келган», — дейилади хабарда.

Ёнғин-қутқарув бўлинмалари тонгги вақтда пойтахт кўчаларида мавжуд бўлган тирбандликларга дуч келгани, Наврўз 6-тор кўчасидаги ер ости гидрантининг сув босими паст бўлганлиги каби ҳолатлар ёнғинни тезлик билан бартараф этишга салбий таъсир кўрсатган.

Ёниғин-қутқарув бўлинмалари томонидан амалга оширилган ишлар натижасида, ёнғиндан жабрланган ва ҳалок бўлганлар қайд этилмаган.

Ҳозирда ёнғин сабаблари ва моддий зарар миқдори аниқланмоқда.

MY5 телеканали маълумотларига кўра, 19 май куни 19:10 да Сергели туманининг қатор маҳаллаларида электр ўчирилган. Кейинги куни электр таъминоти тикланган, бироқ «Наврўз» маҳалласида электр узатиш тармоқларида «айрим муаммолар» юзага келган ва натижада ёнғин содир бўлган.

Маҳаллада яшовчи аёл электр тикланганидан сўнг «ҳаммаёқ ёруғ бўлиб кетганини» маълум қилди. Телеканалнинг қайд этишича, ёнғин тўртта хонадонни яроқсиз аҳволга келтирган.

«Ўт ўчирувчилар 45 дақиқада келди, дейди аҳоли вакиллари. Эрталабки 7 ларда содир бўлган ёнғинни ўчиришга беш соат сарфланган», — дея хабар қилди MY5.

Яна бир фуқаро жабрланганлар йўқлиги, лекин ҳеч нарса, шу жумладан ҳужжатлар ва пуллар ҳам ёниб кетганини таъкидлади.