20 апрель куни бир қанча фуқаролар Тошкент туманида жойлашган Уч қаҳрамон бозори маъмурияти дўкондорлар фаолиятига тўсқинлик қилиб, уларни бозор ҳудудидан мажбуран чиқариб юбораётганини айтиб, «Газета.uz»га мурожаат қилди.

Таъкидланишича, 2007 йили бозорни қуриш ишлари бошланганида инвестиция ва бошқа мақсадларда фуқароларнинг маблағлари жалб қилинган ҳамда бунинг эвазига бунёдкорлик ишлари тамомлангач, дўконлардан ажратиб бериш ваъда қилинган. 2009 йилдан бошлаб ваъдага биноан шартнома асосида дўконлар тадбиркорларга фойдаланишга топширилган.

Бироқ 2021 йилнинг апрель ойидан мулк эгаларидан бирор ҳуқуқий тушунтиришсиз дўконлар олиб қўйила бошланган. Бунга бозор раҳбариятидаги ўзгаришлар сабаб бўлган.

Шу куниёқ «Газета.uz» мухбири мазкур ҳолат юзасидан тадбиркорлар ҳамда бозор маъмурияти муносабатини ўрганиш, вазиятга ойдинлик киритиш мақсадида Юнусобод туманига туташ, Тошкент халқа автомобиль йўли ортида жойлашган бозорга борди.

Аниқланишича, ҳозирда 1024 та дўкон мавжуд бўлган бозор асли «Yamal Timber Invest» Ўзбекистон-Россия қўшма корхонасига тегишли бўлиб, «Уч қаҳрамон ихтисослашган савдо мажмуаси» МЧЖга ижара шартномаси асосида берилган.

Ўзини бир неча дўкон эгаси дея таништирган Марина Юматованинг таъкидлашича, апрель ойи бошида ижарачилардан бири унга қўнғироқ қилиб, дўкон бозорга ўтиб кетгани ва энди унга ижара пулини тўламаслигини айтган.

«Мен бу воқеалар ҳақида бир ҳафта олдин билдим. Мени ижарачим қўнғироқ қилиб, „сизни дўконингизни олиб қўйишди“, деди. У билан бозор маъмурияти ижара шартномасини тузиб, энди уларга тўлов қилишини айтган… Мен 2009 йилда Уч қаҳрамон бозоридан 3 та дўкон сотиб олганман. Шартномага бир томондан мен, иккинчи томондан бозорнинг ўшандаги раҳбари (Хайрулла Аброров) имзо чеккан. 10 йиллар мобайнида дўконларимиз ишлаб келган, ҳеч қандай муаммо бўлмаганди. Кимдир ижарага берган бўлса, кимдир ўзи магазинни юрғазган. Мен эса 2 тасини ижара бергандим. Коммунал хизматлар учун тўловларни ўз вақтида қилиб келганмиз. Ҳар бир дўконга ўртача 800 минг сўмдан тўланган. Ҳозир шунақа тушунарсиз вазият юзага келаяпти-ки, бозорни янги эгалари ҳеч бир тушунтириш ёки бирор асоссиз дўконларимизни олиб қўйяпти. Рейдерлик йўли билан тортиб олишди — бу факт. Улар қонунда қандайдир „ҳуқуқий бўшлиқ“ топишган шеклли, хоҳласанглар прокуратурага мурожаат қилинглар деяпти», — деди у.

Дўкондорлардан яна бири Абдурасул Абдураҳмоновнинг сўзларига кўра, у 2007 йили ҳар бир дўкон учун 6 млн сўм (МБнинг 2007 йил 7 августдаги курсига биноан — $4724) атрофида тўлов қилган.

«Тадбиркорлар 2007 йили бозор ҳали қурилмасидан туриб, олдиндан 6 млн сўмдан квитанция орқали пул тўлашган. Ўшанда бу ерлар ташландиқ жой эди. 2009 йилга эса шартнома қилиб беришган. Биз билан тузилган шартномани муддати йўқ. Бозорнинг ҳозирги эгасининг ўзи 25 йилга ижарага олган, яъни ернинг ўзи буларники эмас. Буларнинг айтиши бўйича шартнома муддати ўтган, сен билан шартнома қилмаймиз, деяпти. Бироқ шартномада муддат белгиланмаган-ку», — деди у.

«Биз ўзимизни доконларга ижарачи қўйиб ишлатиб келаётгандик. Биз ижарада ишлатаётган савдогарларга (бозорни янги раҳбарияти) бориб, „сен ишлайсанми?“ деб сўраб, улар билан ўзлари шартнома тузиб олаяпти. Нимага асосланиб бизнинг мулкни ўзлаштириб олдинглар, деб сўрасак, асос кўрсатиб бера олмаяпти. 30 кишига яқин дўкондорлар прокуратурага (Тошкент вилояти Тошкент тумани прокуратураси — таҳр.) мурожаат қилдик. Тадбиркорлардан Акбар Исмоилов, бозордан Жасур Абдуллаев кириб, прокуратурада гаплашишган. Ҳаттоки, прокуратурага чақиришганида ҳам асос келтириб бериша олмапти. Бизнинг номимиздан кириб чиққанлар шундай деб айтишаяпти. Дўкондорларнинг биронтасига мана шу ҳуқуқий асосда шартномани бекор қиламан деб кўрсатмаган», — дея таъкидлади у.

Абдурасул Абдураҳмоновнинг сўзларига кўра, 20 май куни дўкон эгаларининг барчаси ўз ҳақ-ҳуқуқини ҳимоя қилиш, масала юзасидан маъмуриятдан тайинли жавоб олиш мақсадида бозорга йиғилишган.

Фото: Sherzod Samikov / Facebook.

«Биз бугун йиғилганимизни сабаби — ўз ҳақ-ҳуқуқини ҳимоя қилишни сўраб, кам сонли дўкондорлар мурожаат қилган. Қолганлар эса ўз ҳуқуқини билмайди. Кеча ҳам 50−60 нафар доконлар йиғилди, адвокатлар чақирилиб, уларга ҳуқуқий маслаҳатлар берилди. Одамлар ўз саволларига жавоб олишди. Буларда (бозорни янги эгаларида) кадастр ҳужжатлари йўқ, сабаби уларнинг ўзи ижарада ўтирибди. Қачонки, уларнинг 25 йиллик шартномаси тугаса, ернинг эгаси „биз бу ерда бошқа нарса қурамиз“, деб янги шартнома тузмаса, ўшандагина биз ҳам бу ерни бўшатиб, ўзимизнинг доконларни бузиб, олиб чиқиб кетамиз. Буларнинг ижара шартномасида муддат 2029 йилгача кўрсатилган. Бизникида эса йили кўрсатилмаган», — дейди дўкондор.

Маълум бўлишича, 2007 йили бозор ташкил этилиши жараёнида 100 га яқин фуқароларга қурилишга ўз ҳиссасини қўшиш ва бунинг эвазига бозор битгач, дўконларни ажратиб бериш бўйича келишувга эришилган. Шартномаларнинг кўпи 2009 йилнинг иккинчи ярмида имзоланган.

Бунда, икки томонлама уч турдаги шартномага имзо чекилган:

  • Инвестиция киритиш ҳақидаги шартнома (маблағ эвазига дўкон берилган)
  • Қарз шартномаси (қарз эвазига дўкон қуриб берилган)
  • Олди-сотди шартномаси (альюмин савдо дўконлари сотилган)

Яна бир муҳим жиҳат, мазкур шартномалар 2009 йилда МЖЧ бош директори бўлган Аброров Хайрулла Сагдуллаевич томонидан имзоланган ва ҳар бир шартномада келишувга асосан дўконларнинг рақами ҳам аниқ кўрсатилган.

«Uch qahramon ixtisoslashgan savdo majmuasi» МЧЖ

Корхона ва ташкилотларнинг ягона давлат реестри.

Корхона ва ташкилотларнинг ягона давлат реестридаги маълумотларга кўра, жамият 2009 йили 21 январда рўйхатга олинган. Асосий фаолият тури — савдони ташкил қилиш учун майдонларни ижарага олиш ва бошқаришдан иборат. Ҳозирги кундаги раҳбари Абдуллаев Жасур Ғофур ўғли. Акциядорлар орасида Ахунова Дилобар Асраловна (61,40%), Абдуллаев Жасур Ғофур ўғли (19,70%) ҳамда Шаиноятов Юлдаш Шатургунович (18,90%) бор.

Очиқ платформадаги маълумотларга кўра, бунга қадар МЧЖ ва бозорга Ахунов А.Х раҳбарлик қилган. «Газета.uz»га дўкондорларнинг маълум қилишича, уни исми Анвархўжа бўлиб, бозор қурилишида мулк эгалари билан олди-сотди шартномани имзолаган Аброров Хайрулла Сагдуллаевичнинг (оламдан ўтган) ўғли ҳисобланади. Отасидан кейин бозорга бошчилик қилган ва шу йилнинг биринчи ярмида Анвархўжа ўзига тегишли акцияларни сотган.

Уч қаҳрамон бозорининг ҳозирги раҳбари эса акциядор Жасур Абдуллаев ҳисобланади. Юқоридаги мураккаб вазиятга ойдинлик киритиш мақсадида у билан ҳам суҳбатлашдик. Унинг таъкидлашича, бир ой олдин бозор таъсисчилари рўйхатида ўзгариш бўлган.

«Уч қаҳрамон савдо мажмуасида бир ойдан бери раҳбар лавозимида ишни юритиб келаяпман. Бу хусусий бозор. Бир ой олдин таъсисчилар шартномаси асосида, яъни учта таъсисчи чиқиб, янги учта таъсисчи кириб, хусусий бозорни сотиб олганмиз. Мен ўзим ҳам таъсисчиман, ҳам шу бозор раҳбариман. Бизнинг мақсадимиз фақат тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, тадбиркорларга кенг йўл яратиб беришдан иборат. Бизнинг мулкимиз — бозор балансида 1024 та дўкон бор. Шундан қарийб 300 таси ҳозирда ишлаяпти, қолгани ишламаяпти. Мақсадимиз бозорни ривожлантириш. Биз ўзимиз ижарада ўтирамиз. Бизга фақат дўконларни ижарага бериш ҳуқуқи берилган», — деди у.

У бозордаги ушбу тушунмовчиликни ўрганиш мақсадида ишчи комиссия тузилганини қайд этди.

«Иш фаолиятини бошлаганизни биринчи кунидан тадбиркорларни чақириб, гаплашишдик. Бу ерда ҳозирги ҳолатда, қурилиш материаллари ва озиқ-овқат маҳсулотларини сотишни йўлга қўйиш учун тадбиркорларни жалб қилаётгандик, дўконларни очганимизда бошқалар „биз эгасимиз“, деб чиқишаяпти. Биз улардан „мулк эгалиги тўғрисидаги қанақа ҳужжатинглар бор?“ деб сўрадик. Уларнинг қўлида 3 хил шартнома чиқаяпти. Ҳаммада ҳар хил, биттаси алюмин профилга келишилган ҳолда қарз сифатида пул ўтказганман деяпти, кимдадир инвестиция олиб кирганмиз деган шартнома бор, яна бошқаларнинг қўлида олди-сотди шартномаси турибди. Бу вазиятни ечиш мақсадида таъсисчиларимиз билан маслаҳатлашиб, комиссия туздик», — дея тушунтирди Абдуллаев.

Жасур Абдуллаев.

У комиссия таркибида бозор маъмурияти ҳуқуқшуноси, тўрт нафар аудитори, бош бухгалтер, молия бўйича директор, қолаверса, хусусий лойиҳалаштирувчи фирма, Тошкент тумани солиқ бўлими инспектори, профилактика инспектори борлиги, комиссияга эса ўзи раҳбарлик қилаётганини айтди.

«Биринчи ўринда балансимизда нима бор, ҳисобот қандай топширилган, деган саволларга жавоб қидирдик. Балансимизда бори 15 млрд сўмлик мулк бўлиб чиқаяпти. Мулк эгасимиз деган тарафдорлар билан ҳам битталаб гаплашиб чиқаяпмиз. Улар бозорнинг эски эгаларидан сотиб олганмиз деяпти. Қанақа йўл билан, энди мен билмадим, эски эгаларни танимайман. Биз олган мулкимизни бош режасида ҳам, кадастр ҳужжатимизда ҳам 1024 та дўкон турибди», — деди у.

Бозорнинг янги раҳбарининг сўзларига қараганда, ҳозирда тадбиркорлар, яъни дўконларда олди-сотди билан шуғулланаётган шахслар билан ижара шартномаси имзоланган. Улар раҳбарият ўзгаргунига қадар «дўконнинг эгаси эканини айтаётган шахслар» билан оғзаки шартнома асосида ишлаб келишган.

«Ўша пайт (бозор янги ташкил қилинган вақтларда) дўкон сотиб олган одам билан тадбиркор ўртасида мулоқоти бор, шу пайтгача ўзларининг олди-бердиси бўлиб келган. Энди уларнинг ўртасида ижара шартномаси тузилмаган, бир хилларида бўлган, ҳаммаси оғзаки қилинган. Бу ерда (дўконлар) нархи 200−300 доллардан бўлган. Биз шундай қилдикки, фақат тўғридан-тўғри тадбиркор билан ижара шартнома тузиб, Вазирлар Маҳкамаси ва ҳокимият берган тариф асосида ҳар бир кв.метрни 60500 сўмдан ҳисоблаб бераяпмиз. Буни кўриб, тадбиркорнинг ўзи (ишлаш ниятида — таҳр.) келаяпти. Мана шу 300 та тадбиркоримиз билан шу йилнинг охиригача ижара шартномамиз бор. Биз ҳозир фақат ўша йил бошида тузилган шартномани ҳар битта пунктини ўзгартириб, янги пункт киритиб бераяпмиз. Буни ҳам ҳуқуқшуносимиз, аудиторимиз маслаҳати билан қилаяпмиз», — деди у.

Қўшимча қилинишича, бозорни ташкил қилганлар билан дўкон эгалигини даъво қилаётганлар ўртасида ўзаро келишув бўлган.

«10 йил олдинги одамлар билан инвестиция киритган, сотиб олган ёки профилга пул ўтказган одамларнинг ўзларини алоҳида олди-бердиси бўлган. Буни ўзлари билишади, биз унинг бошида бўлмаганмиз. Эски раҳбарлар оламдан ўтиб кетишган, ҳозир улар йўқ… Бизда кадастр ҳужжати асосида тадбиркорлар билан ишлаётганимиз учун бу ердаги учинчи шахслар билан тушунмовчиликлар бўлаяпти. Биз уларга ҳам айтдик, хоҳласанглар, тадбиркор сифатида рўйхатдан ўтиб келсанглар, сизлар билан ҳам ишлаймиз дедик», — деб ишонтирмоқда Абдуллаев.

«Рейдерский захват»

Суҳбат давомида дўкон эгалари номидан Акбар Исмоилов ҳам иштирок этаётган эди. Унинг айтишича, бозорнинг янги раҳбарияти ўзбошимчалик билан дўконларни эгаллаб олган. Шу боис, 20 май куни улардан тушунтириш олиш мақсадида мулкдорлар бозорда йиғилган. «Мақсад жанжал кўтариш эмас, балки муаммоли вазиятга ҳуқуқий ечим топиш», — дейди у.

«Жасур билан учинчи маротаба кўришиб туришимиз. Ҳалигача нима асосда бизга тегишли бўлган мулк буларнинг балансига ўтиб кетгани ҳақида маълумот тақдим қилишмади. Биз мулкимизни асоссиз эгаллаб олинганини „рейдерский захват“ деб ҳисоблаб, бозор маъмуриятидан тушунтириш олмоқчимиз».

Акбар Исмоилов.

У бозорни янги раҳбарининг фикрлари нотўғри эканини таъкидлаб, шартнома бўйича мулкка — дўконга эгалик ҳуқуқи уларга тегишли эканини таъкидлади.

«Бу қўлимдаги шартномани Жасур кўрганлар, туман прокурори ҳам кўрди. Бозор учта шахсдан иборат бўлса, яъни, ерни эгаси — „Yamal Timber Invest“, мулк эгаси — шартнома бўйича биз, учинчиси Уч қаҳрамон бозори маъмурияти. Бизнинг орамизда тузилган шартномада шу назарда тутилганки, биз инвестиция киритамиз, бозор маъмурияти бизга қуриб беради, акт қилиб топширилади ҳамда коммунал хизматларни ўз бўйнига олади. Электр энергияси, тозалик, қоровуллик масалаларини бозор ҳал қилиб беради. МЧЖ бу ерда иш юритувчи вазифасида. Шу нарса 10 йилдан бери бўлиб келган. Бу шартномани бозор асосчиси Дилшод деган йигит билан тузганмиз. Дўконлардан олдинги раҳбарлардан ҳеч қандай қарз бўлмаган. Сизлар иш юритувчи ҳисобланасизлар, менга тегишли мулкка хўжайин эмассиз. Бу ерда ернинг эгаси фақат қўшма корхона», — дея қўшимча қилди.

«Шартномада биз мулк эгаси деб кўрсатилган. Шунга кўра, бизнинг мулкимизни сизлар қандай қилиб учинчи шахсга ижарага бердинглар?» деб савол билан юзлангани, бироқ прокурор олдида ҳам бозорнинг янги эгаси ҳуқуқий асос келтира олмаганини таъкидлади.

У шунингдек, дўкондорлар Тошкент тумани прокурорига жиноий иш очишни сўраб ариза киритишганини қўшимча қилди.

Жасур Абдуллаев эса бозордаги дўконларнинг барчаси балансда эканлигини, кадастр ҳужжатида акс этганини яна бир бор таъкидлади. Бироқ у кадастр ёки бошқа ҳужжатларни тақдим эта олмади. Сабаби сўралганида кадастр ва бошқа ҳужжатларни Тошкент тумани прокурорига топширганини айтди.

«Бозор балансида, кадастр ҳужжатида ҳаммаси турибди. Кеча прокурорга тақдим этганмиз. Паспорт ҳужжатимизда ҳам 1024 та дўкон бизда турибди. Булар тадбиркор эмас, бошқаларга ижарага бериб келишган. 10 йил аввалги эгалар билан ўзларининг келишуви бўлган. Агар буларда ҳужжати бўлганида, ҳар бир дўконга кадастр ҳужжати расмийлаштириб беришган бўлиши керак эди», — деди у.

Жасур Абдуллаев бу каби дўкон эгасиман деб ўз ҳуқуқини талаб қилаётганлар кўплигини, аниқ сонини айта олмаслигини маълум қилди. Қолаверса, вазиятга ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар орқали ечим топилиши, сўнгги сўзни улар айтишини таъкидлади.

«Yamal Timber Invest» Ўзбекистон-Россия қўшма корхонаси

Корхона ва ташкилотларнинг ягона давлат реестри.

КТЯДРдаги маълумотларги кўра, қўшма корхона 2019 йил 14 мартда рўйхатдан ўтган. Асосий фаолият тури — савдони ташкил қилиш учун майдонларни ижарага олиш ва бошқаришдан иборат. Таъсисчилари — «Тошкент технотранс логистик» ДУК (30%), «Tamer Unit Group» МЧЖ (25%) ҳамда Сторонкин Владимир Ивановичдан (45%) иборат. Уни раҳбари этиб эса Уч қаҳрамон бозори жамиятида 18,90% улушга эга Шаиноятов Юлдаш Шатургунович кўрсатилган.

«Газета.uz» мухбири ер майдонини ижарага берган томоннинг фикри билан ҳам қизиқиб кўрди. «Yamal Timber Invest» бош директори ўринбосари Павел Аитовнинг айтишича, бозорнинг янги раҳбарияти бу каби тортишувлар бўлишини олдиндан билган ҳолда шу ҳаракатни бошлаган.

«Менга жанжалдан фойда йўқ. Шунингдек, мен уларнинг фаолиятига аралаша олмайман. Жасурлар қонун доирасида иш кўраяпти. Улар (дўкон эгалари) судда ютқазади. Улар (бозорни янги эгалари) шунга тайёр эди ва нимага қараб бораётганини ҳам яхши билишган. Жасур ҳам „жуда катта маблағ бериб, жамиятга қўшилдим, дўкондорлардан пулларни мен олмаганман-ку“, деяпти. У ҳам тўғри айтаяпти. Бундан олдинги эгаси Анвар (бозорнинг олдинги раҳбари Анвархўжа) ҳам „менинг нима алоқам бор, 5−10 йил олдингилар нима қилганини мен қаердан билай“, деганди», — деб уни сўзларини келтирмоқда «Газета.uz» мухбири.

Павел Аитовнинг таъкидлашича, «ўзаро келишиш керак эди, энди суд бўлиши аниқ».

«Лекин судда (дўкондорлар) аниқ ютқазишади. Икки томон ҳам пул сарфлаган, иккаласи ҳам ўзича ҳақ… Нимага бунақа ҳолат юзага келди? Чунки бунгача раҳбарлик қилган одам дўконларга кадастр ҳужжатларини расмийлаштириб олмоқчи эди, бўлмади… Кадастр ҳужжати фақат менда бор, мен ернинг эгасиман. Бозор маъмурияти билан эса фақат ижара шартномасини имзолаганмиз, уларда кадастр йўқ», — дея қўшимча қилди қўшма корхона вакили.

«Бозор тургунига қадар ўша магазиндан ҳар битта дўкондор фойдаланишга ҳаққи бор».

«Газета.uz» мухбири вазиятга дастлабки ҳуқуқий баҳони беришни сўраб, тадбиркорларни ишини ўрганаётган ҳуқуқ ҳимоячиси Жаҳонгир Хўжамқулов билан суҳбатлашди.

«Менга бугунги кунгача маълум бўлишича, бозор ери „Уч қаҳрамон ихтисослашган савдо мажмуаси“ жамиятига тегишли эмас, у ижара олган экан. Аҳолининг ўзидан пулни олиб, 2007 йилдан бошлаб дўконлар қурган. Алюмин профиллардан ясалган дўконларни ўша пайтда 6−7−9 млн сўм атрофида сотишган. Тадбиркорларнинг ўзидан пул олиб, қуриб беришган ва кейинчалик олди-сотди шартномасини имзолаштириб берган. Ҳар битта шартномада дўконларнинг рақами, қаторигача ёзилган. Фуқаролик кодексига мувофиқ, олди-сотди шартномаси тузилган пайтдан тўлов амалга оширилади, шартномада назарда тутилган предмет, яъни бу вазиятда дўкон тадбиркорнинг эгалигига ўтиши белгиланган. Тўғри, тагидаги ер уларники эмас, асли бозорники ҳам эмас. Бозор тургунига қадар ўша магазиндан ҳар битта дўкондор фойдаланишга ҳаққи бор. Бу ҳуқуқ уларнинг шартномасида ҳам, қонунчиликда ҳам белгиланган», — деди у.

Адвокатнинг фикрича, шартнома тузиш жараёнида озгина хатоликка ҳам йўл қўйилган.

«Расмийлаштиришда баъзиларда олди-сотди шартнома қилишган, баъзиларга гўёки инвестиция тарзида ҳамкорлик шартномаси тузилган. Биламизки, ҳамкорлик шартномасида ҳар бир тараф ўз ҳиссасини қўшиши керак. Бу ҳолатда ҳар битта тадбиркор пул қўшган. Умумий маъно шундаки, ўша пулга дўкон қурилган. Бу жараён 2007 йилдан 2011 йилгача давом этган. Яъни, бошида бир нечта дўкон қурилган, чўзилиб, катта буюм бозори бўлиб, бугунги кунда фаолият олиб бормоқда», — дея таъкидлади Хўжамқулов.

Унинг қайд этишича, бозор маъмуриятида аслида дўконларга эгалик қилиш ҳуқуқи мавжуд эмас.

«Бугунги кундаги ҳолат — МЧЖ таъсисчилари таркиби ўзгарган. Олдинги таъсисчилар дўконлар тадбиркорлар эгалигида ҳисобланишидан хабардор. Яқин давргача булар фақат коммунал хизматлар учун дўкон эгаларидан тўлов олиб юришган ва шунинг эвазига бозор маъмурияти тирикчилигини қилган. Келишиб ишланган ва яқин кунгача ҳеч қандай муаммо бўлмаган. Жамият таъсисчилари ўзгаргани муносабати билан янги келган таъсисчилар гўёки дўконлар бозорнинг ўзига тегишли ва улар хоҳлаган ишини қилади, хоҳлаган одамига ижарага беради деган фикрга келган. Мен бу уларнинг фараз қилган ҳуқуқлари деб ҳисоблайман. Сабаби, асл ҳуқуқлари уларда йўқ», — дейди ҳимоячи.

«Биринчидан, биз кадастр, архив ва ҳокимиятдан тегишли ҳужжатларни оламиз. Кимга тегишли, кадастр ҳужжати умумий ер учун қилинганми ёки ҳар бир дўконники борми, ўрганамиз. Лекин ҳозир олдиндан ҳулоса қиладиган бўлсак, уларнинг кадастр ҳужжати ҳам, дўконларга эгалик ҳуқуқи ҳам йўқ. Лекин, шунга қарамасдан, мулк эгалари ижарага берган сотувчилар билан тил бириктириб, ижара шартномаси асосида фаолиятни олиб боришга ҳаракат қилишаяпти. Бу бозор учун тўғридан-тўғри даромад олиш учун манба ҳисобланади. Бироқ бу ноқонуний манба, яъни уларнинг эгалигида бўлмаган дўконлардан фойда кўраяпти. Бу миқдорига қараб, маъмурий жавобгарликдан то жиноий жавобгарликкача тортилишга асос бўлади», — деди у.

У, шунингдек, бу каби ҳолатлар камдан-кам кузатилишини қайд этиб, олди-сотди шартномасига муддат кўрсатилмагани масаласига ҳам тўхталиб ўтди.

«Олди-сотди шартномасида муддати кўрсатилмайди, бу шарт эмас. Уни амал қилиши қонунчиликда келтирилганидек, шартнома тузилганидан бошлаб, иккала томон ўз мажбуриятини бажарганга қадар. Бу дегани бир тараф пул беради, иккинчи тараф эса дўконни ихтиёрига топширади. У (мулк эгаси) ўша йилдан (2009 йилдан) бери фойдаланиб келаяптими, демак, бу шундан далолатки, (мулк) унинг ихтиёрига ўтиб бўлган», — дея фикр билдирди адвокат.

Масаланинг ечими

«Ечимига тўхталсак, мен ўйлайманки, тадбиркорларнинг қўлларида олди-сотди шартномалар, тўлов қилингани ҳақида квитанциялар бор. Шулар асосида булар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга, жумладан, прокуратурага ёки прокуратура ҳузуридаги департаменга мурожаат қилиб, ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилишга ҳақли. Ўйлайманки, қонун булар тарафида», — деди Жаҳонгир Хужамқулов.

У бозор маъмурияти муросага келиши кераклигини қўшимча қилди.

«Авваламбор, бозор маъмурияти муросага келиши керак. Балки бирор ҳужжатлари ёки важлари бордир, биз уни ҳали эшитмадик, кўрмадик. Лекин улар нимагадир ишониб, „бу бизнинг мулкимиз, хоҳлаган одамга берамиз“, деб гапиришаяпти. Бу оммавий масала эканлиги кўриниб турибди, бу ерда юзлаб тадбиркорлар бор. Натижада бу белгиланган тартибда мансабдор шахсларнинг эътиборини тортишга асос бўлади деб ўйлайман. Бу ерда тадбиркорлар манфаати ётибди. Ўша пайтда қурилишга бозорда пул йўқ, тадбиркорлардан фойдаланиб олаяпти-да, шу маблағларни ичида асфальт, бетон, панжара, дарвозалари, ёнидан ўтувчи ариқлару, лотокларигача қилинган. Дўкон эгаларига ҳокимият, Адлия ва прокуратура ёрдам беришлари керак», — дея таъкидлади адвокат.

Фото: Sherzod Samikov / Facebook.

20 май куни дўкон эгаларининг бозор маъмурияти олдида тўпланиши юзасидан Тошкент вилояти ҳокимлиги муносабат билдирди. Унда вазиятни Тошкент тумани ҳокими ва туман Ички ишлар бошқармаси бошлиғи назоратга олгани қайд этилган.

«Тошкент тумани ҳокими О.Рустамов тадбиркорларнинг важларини тинглади ва бир ҳафта муддатда масъул идора вакилларини жалб этган ҳолда ҳолатга аниқлик киритиб, вазият борасида жойига чиққан ҳолда тадбиркорлар ва жамият маъмурияти иштирокида бир тўхтамга келишни маълум қилди», — дейилади хабарда.