Иорданиянинг Амман шаҳрида таэквондо бўйича Токио-2020 Олимпия ўйинларига йўлланма берувчи лицензион турнир ўз якунига етиб бормоқда. Бироз аввал ўзбекистонлик таэквондочи Светлана Осипова +67 кг вазн тоифасида Олимпиада лицензиясини қўлга киритди. Бу ҳақда Ўзбекистон таэквондо WТ ассоциацияси ахборот хизмати хабар бермоқда.

Шу тариқа таэквондо бўйича Ўзбекистон терма жамоаси Токио-2020 Олимпия ўйинларига 4 та йўлланмани қўлга киритди. Бу билан Ўзбекистон терма жамоаси ўз тарихида илк бор тўлиқ таркиб билан Олимпиадада қатнашадиган бўлди.

Токио-2020 Олимпия ўйинларида Ўзбекистон таэквондо терма жамоаси номидан Улуғбек Рашитов (-68 кг), Никита Рафалович (-82 кг), Нигора Турсунқулова (-67 кг) ҳамда Светлана Осипова (+67 кг) иштирок этади.

Аввалроқ, Улуғбек Рашитов ҳамда Нигора Турсунқулова ҳам таэквондо бўйича Олимпиада йўлланмасини қўлга киритгани ҳақида хабар берган эдик.

2020 йилнинг январь ойида Бутунжаҳон таэквондо федерацияси (WТ) Токио Олимпиадасига йўлланма берувчи якуний рейтинг жадвалига кўра Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси Никита Рафалович -80 килограмм вазн тоифасида рейтинг орқали Токио Олимпиадасига йўлланма олган эди.

Маълумот учун, таэквондо бўйича Ўзбекистон терма жамоаси номидан 2004 йилги Олимпиадада 2, 2008, 2012 ва 2016 йилги Олимпиада мусобақасида 3 нафар спортчи иштирок этишган.