Тошкент вилояти Қибрай туманининг 4402 гектар майдонда жойлашган 21 та маҳалласи Тошкент шаҳри таркибига ўтказилади. Бу ҳақда «Газета.uz»га халқ депутатлари туман кенгаши маълум қилди.

20 май куни депутатлар шаҳарнинг иккита тумани таркибига ўтувчи маҳаллалар рўйхатини тасдиқлаган. Лойиҳа халқ депутатлари Тошкент вилояти кенгашига кўриб чиқиш учун юборилган.

Яшнобод тумани Қибрайдаги «Жарбоши», «Ташисти», «Ибрат», «Миришкор», «Арғин», «Баҳор», «Чинор» ва «Товкентепа» маҳаллаларини (умумий майдони — 2107,4 гектар) ўз таркибига қўшиб олиши мумкин. Мирзо Улуғбек туманига эса «Геофизика», «Алишеробод», «Чингелди», «Дўстлик», «Тараққиёт», «Баркамол», «Боғишамол», «Ватанпарвар», «Амир Темур», «Мевазор», «Гулбоғ», «Гулзор-1» ва «Пастки-юз» маҳаллаларини (умумий майдони — 2294,6 гектар) ўтказиб бериш таклиф қилинган.

Шу билан бирга, Қибрай тумани округидан сайланган халқ депутатлари Қибрай туман кенгашининг депутатлари тегишлича Яшнобод ва Мирзо Улуғбек туман кенгашлари таркибига ўтади.

Қибрай туманида истиқомат қилувчи фуқаролардан бирининг «Газета.uz»га маълум қилишича, 2020 йилнинг сентябрь ойидан буён коммунал хизматлар учун тўловлар пойтахт туманларига ўтказилган.

Қибрайнинг бир қисми пойтахт таркибига ўтказилиши май ойи бошида Шавкат Мирзиёев «Янги Ўзбекистон» боғи барпо этилаётган ҳудудга илк дарахтларни экиш вақтида маълум қилган эди.

«Парламент тасдиқласа, бу [ер] Тошкентга ўтади. Барибир, Тошкент шаҳри катта бўлиши керак. Аҳолимизнинг уй-жойга, ижтимоий соҳаларга талаби юқори бўлаяпти», — деган эди президент. Ўшанда давлат раҳбари пойтахтдаги қурилиш ишларини ҳам Тошкент ташқарисига чиқариш кераклигини қўшимча қилганди.

«Газета.uz» эслатиб ўтади, парк, «Истиқлол» мажмуаси ва бошқа объектлар қурилиши муносабати билан давлат эҳтиёжлари учун фермер хўжалик ерлари олиб қўйилмоқда. Хусусан, шу кунларда Қибрайда бульдозер ёрдамида 8 га майдонда ҳосили пишиб турган қулупнай даласи бузиб ташланди. Ер эгаларига компенсациянинг бир қисми тўлаб берилган.