Исроил хавфсизлик кенгаши аъзолари 20 май, пайшанба куни Ғазо секторида ўт очишни тўхтатиш учун овоз беришди, деб хабар берди РБК The Jerusalem Post маълумотларига таяниб.

Фаластиннинг исломий ҲАМАС ташкилоти вакили Reuters агентлигига Ғазода «ўзаро ва бир вақтнинг ўзида» сулҳи жума куни кечқурун кучга киришини маълум қилган.

Мамлакат томонлар ўртасида воситачилик қилган Миср хавфсизлик манбаси,The Jerusalem Post`га сулҳ тафсилотлари ҳали ишлаб чиқилишини айтган.

«Мен Миср ва Қатарга Ғазо ва Исроилда тинчликни тиклашга ёрдам бериш учун БМТ билан яқин мувофиқлаштирилган саъй-ҳаракатлари учун миннатдорчилик билдираман. Мен барча томонларни сулҳга риоя қилишга чақираман», — деди БМТ бош котиби Антониу Гутерриш.

Сўнгги йилларда Ғазо секторида ҳукмронлик қилаётган ҲАМАС ҳаракати ва Исроил ўртасида энг йирик ҳарбий можаро авж олиши 11 кундан бери давом этмоқда. Бу вақт ичида сектордаги ХАМАС ва бошқа гуруҳлар Исроил ҳудудига нафақат Ғазо сектори билан чегарадош шаҳарларга, балки мамлакат марказида жойлашган Қуддус ва Тель-Авивга ҳам қаратилган 3500 га яқин ракеталарни учирган.

Уларнинг аксарияти «Темир гумбаз» ракетага қарши мудофаа тизими томонидан ушланган. Исроил мудофаа кучлари бунга жавобан Ғазодаги 1500 га яқин нишонга ҳужум уюштирди.

Исроилда ҲАМАСнинг ракета ҳужумлари натижасида 12 киши ҳалок бўлди ва 50 дан ортиқ одам жиддий жароҳат олди. Ғазода 230 нафар Фаластин фуқароси ҳалок бўлди ва 1,7 мингдан зиёд киши жароҳат олди. Вафот этганлар орасида 65 нафар бола, 39 нафар аёл ва 17 нафар кекса одам бор.

Можаронинг келиб чиқишига Исроил судининг Қуддусдаги бир неча араб оилаларини Шайх-Жарроҳ ҳудудидан чиқариб юборилиши ҳақидаги қарори сабаб бўлган. Намойишлар натижасида Маъбад тоғида полиция билан тўқнашувлар бўлиб ўтди, фаластинликлар полицияга тош отишга уринишган. Бунга жавобан улар резина ўқлар ва йиғлатувчи газдан фойдаланганлар. Масжид ал-Ақсо қадимги Қуддуснинг қоқ марказида жойлашган Ислом динининг энг муқаддас зиёратгоҳларидан биридир. Шунингдек, ҳудди шу жойда яҳудийлар учун муқаддас жой — Маъбад тоғи мавжуд.

Ғазо секторидан ракета ҳужумлари бошлангандан сўнг, Исроилнинг бир нечта шаҳарларида яҳудийлар ва араблар ўртасида тўқнашувлар бўлиб ўтган.