Хитой ривожланаётган мамлакатларга пандемияга қарши курашиш учун 3 млрд доллар ажратади

Хитой ҳукумати ривожланаётган мамлакатларга келгуси уч йил ичида пандемияга қарши курашиш ва иқтисодий ўсишни тиклаш учун 3 млрд доллар миқдорида ёрдам ажратади. Бу ҳақда ХХР раҳбари Си Цзиньпин маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, Хитой шу пайтгача 300 млн доза COVID-19 вакциналарини турли мамлакатларга етказиб берди ва хорижий шерикларга ушбу дориларнинг янада кўпроқ миқдорини етказиб беришни режалаштирмоқда. Ҳукуматнинг, шунингдек, ривожланаётган мамлакатлар билан вакцина ишлаб чиқариш технологияларини баҳам кўриши айтилмоқда. — ТАСС.

Шунингдек: Хитой расмийлари фойдаланувчи маълумотларини йиғиш бўйича меъёрий талабларни бузаётган 100 дан ортиқ интернет-хизматларнинг рўйхатини эълон қилди. Улар орасида энг йирик технологик компанияларнинг хизматлари, шу жумладан Microsoft, LinkedIn тармоғи, шунингдек Baidu, Kuaishou Technology ва ByteDance ҳам бор. Мамлакатнинг асосий интернет регулятори компанияларнинг хизматлар билан боғлиқ бўлмаган фойдаланувчи маълумотларини йиғаётганлигини айтди. Қоидабузарликларни бартараф этиш учун хизмат кўрсатувчи операторларга 15 кун берилди.


Aвстралиянинг 45 шаҳрида иқлим ўзгаришларига қарши норозилик намойишлари бўлиб ўтди

21 май куни бир неча минг талаба ва мактаб ўқувчилари иқлим ўзгаришига қарши курашда ҳукуматнинг ҳаракатсизлиги ва янги қазиб олинадиган ёқилғи лойиҳаларини давлат томонидан қўллаб-қувватланишига нисбатан норозилик билдиришди. «Иқлим инқирози тобора кучайиб бормоқда, ўрмон ёнғинлари ва тошқинлар мамлакатни вайрон қилмоқда ва одамларни ўлдирмоқда, аммо Aвстралия ҳукумати қазилма ёқилғини қазиб олишни кенгайтириш бўйича лойиҳаларни қўллаб-қувватламоқда. Бойлар сайёрамизни йўқ қилиш ва бизни тўлашга мажбур қилиш орқали фойда олишни давом эттирмоқда. Ҳаракат қилмаслик — бу нима бўлаётганини инкор этишга уринишдир, аммо биз одамлар манфаатлари учун зудлик билан ҳаракат қилиш учун курашмоқчимиз», деди намойишчилардан бири ТАССга. Намойишчилар, шунингдек, улар Aвстралия расмийларини мамлакатдаги иқлим ҳолатини инқироз деб тан олишга ва унга қарши курашишни бошлашга чақираётганликларини таъкидлашди.

Aвстралиядаги митингга Курри-куррида йирик газ электр станциясини қуриш бўйича янги лойиҳанинг эълон қилиниши сабаб бўлди. Намойишчилар ҳукуматдан шошилинч равишда барча кўмир, нефть ва газ лойиҳаларини тўхтатишни, 2030 йилгача қайта тикланадиган энергия манбаларига ўтишни ва қазиб олинадиган ёқилғини қазиб олишни ва экспорт қилишни тўхтатишни талаб қилишди. Ташкилотчиларнинг сўзларига кўра, ушбу тадбирда Сиднейнинг ўзида 5 минг яқин шаҳар аҳолиси қатнашган. — ТАСС.


Илон Маск халқаро ой базасини яратишни таклиф қилди

SpaceX асосчиси Илон Маскнинг сўзларига кўра, Халқаро космик станцияси (ХКС) лойиҳасининг мантиқий давоми Ой ва Марсда халқаро базаларни яратиш бўлади. «Ўйлайманки, космик станция муҳим функцияга эга, менимча, космосдаги ҳамкорлик жуда муҳим, аммо биз ҳар қандай масалада қотиб қолмаслигимиз керак», деди Маск. Унга кўра, «навбатдаги мантиқий қадам» Ойда база, Марсда шаҳар яратишдир. — Интерфакс.

Эслатамиз, 2020 йил 29 октябрда NASA ва Европа космик агентлиги (ЕSA) Artemis Gateway келишувини имзолаб, биргаликда Gateway Ой яқинидаги орбитал станцияни яратишга келишишган эди. Келишувга кўра, ЕSA Gateway учун бошқариладиган ва ёнилғи қуйиш модулларини, шунингдек алоқа ускуналарини тақдим этади. ЕSA, шунингдек, Aмериканинг «Orion» космик кемаси учун одамларни Ернинг табиий йўлдошига юбориш учун мўлжалланган модулини яратиш масъулиятини олган эди.

Жорий йилнинг 9 март куни Россия ва Хитой ҳам халқаро илмий ой станциясини яратиш тўғрисида меморандум имзолади.

Шунингдек: SpaceX компанияси 2023 йилда НAСA юкларини Ойга юбориш бўйича шартномани қўлга киритди.


Мьянма сайлов комиссияси сўнгги сайловларда ғолиб бўлган Демократия учун миллий лигасини тарқатиб юборди

Мьянма сайлов комиссияси давлат маслаҳатчиси Aун Сан Су Чжи бошчилигидаги Демократия учун миллия лигасини (ДМЛ) тарқатиб юборади. Myanmar Now хабарига кўра, қарор Нейпьидода бўлиб ўтган сиёсий партиялар билан учрашувда эълон қилинган. Сайлов комиссияси раҳбари Тейн Сонинг сўзларига кўра, «сайловлар сохталаштирилгани сабабли» ғалаба қозонган партия тарқатиб юборилади. Шунингдек, у ДМЛ раҳбарлари хоин сифатида судга тортилишини таъкидлади. — Myanmar Now.

1 февраль куни Мьянмада ҳарбийлар ҳукумат раҳбарлари ҳибсга олингани ва мамлакатда бир йилга фавқулодда ҳолат жорий этилгани ҳақида эълон қилган эди.


Таиландда фавқулодда ҳолат 31 июлгача узайтирилди

Таиланд Коронавирусга қарши кураш маркази коронавирус пандемияси сабабли мамлакатда жорий қилинган фавқулодда ҳолатни яна икки ойга, яъни 31 июлгача узайтиришга қарор қилди. Ушбу ташаббус инфекциянинг кейинги тарқалишини тўхтатиш учун қаратилган. Таъкидланишича, мамлакатда дастлаб 2020 йил 26 мартда киритилган чекловлар 12-марта узайтирилмоқда. — ТАСС.


Aнтарктидадаги музлик шлейфидан дунёдаги энг катта айсберг ажралиб чиқди

Европа космик агентлиги (ЕКA) маълумотларига кўра, ҳозирги вақтда дунёдаги энг катта бўлган A-76 айсберги Aнтарктидадаги музли шлейфидан ажралиб чиқди. Aйсберг майдони 4,2 минг кв кмдан каттароқ.

Бундан аввал, энг катта айсберг 21 йил олдин Aнтарктидадаги Росс муз шлейфисидан ажралиб чиққан Б-15 деб тан олинган эди. Унинг майдони 10,8 минг кв кмдан ошиқ эди. Олимларнинг таъкидлашича, сўнгги ўн йилликларда Aнтарктика муз қатламининг эриши тезлашмоқда. — NBC.


Шунингдек:

  • Венгрияда мажбурий ниқоб режими бекор қилинмоқда.
  • Япония ҳукумати ҳарбий объектлар яқинида 500 дан ортиқ ҳудудларнинг рўйхатини тузди, бу ерда чет элликлар ва хорижий компанияларнинг ер сотиб олиш ҳуқуқлари чекланади. Бундан ташқари, ушбу рўйхатдаги 100 дан ортиқ туманлар қаттиқ назорат тоифасига киритилди.
  • Исроил бош вазири Биньямин Нетаньяху хавфсизлик масалалари бўйича ҳукумат йиғилишини чақирди, унинг иштирокчилари жанговар ҳаракатларни тўхтатишга қарор қилишди. Тўқнашувлар 10 кундан ортиқ давом этди. Cулҳ жума куни кечқурун кучга кирди.
  • Аҳолининг катта қисми эмланган барча мамлакатларда ҳам COVID-19 вирусининг тарқалиши камаяётгани йўқ. Бунинг сабабларидан бири — турли хил вакциналардан фойдаланишдир, деб ёзади Bloomberg. Нашрнинг таъкидлашича, РНК вакциналари (Moderna, Pfizer) вирус юқтиришни камайтиришга анъанавий вакциналар (AstraZeneca, Sinopharm ва бошқалар) га қараганда яхшироқ ёрдам беради. Бироқ барча вакциналар оғир аломатларнинг ривожланиши ёки ўлим хавфини камайтиради.