Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев «Тошкент 5 ташаббус ҳаракати» ёшлар фестивали доирасида ташкил этилган матбуот анжуманида тадбирни ўтказишдаги муаммолар ва уларни ёритилиши ҳақида тўхталиб ўтди.

«Ҳурматли ОАВ вакиллари, хурматли блогерлар. Бу байрамга жуда катта тайёргарлик кўрдик. Айрим ходимларимиз 24 соат ухламасдан ишлашди. Ёшларимизга кенг шундай тўйона, катта тўйдек қилиб байрам ўтказиш учун. Илтимос қиламан агар қаердадир камчиликларимиз бўлган бўлса, қаердадир хатога йўл қўйган бўлсак, „Toshkent 21“ ботимиз бор, ўзимизга айтсангиз тўғирлаб қўямиз муаммоларни. Агар сиз ОАВ ҳамда блогерлар ёшларни бизлардек севсангиз, сизлар сайтингиз орқали айлантиришнгиз шарт эмас хатоларимизни», — деди пойтахт ҳокими.

Жаҳонгир Ортиқхўжаев тадбирдаги хато ва камчиликларни телефон, бот ёки матбуот хизматига айтишни сўради.

«Тўйимизни бузманглар, тўйимиз тўйдек, байрам байрамдек бўлсин. Илтимос қиламан. Биз кейин яна байрам ўтказишимизга иштиёқимиз бўлсин. Шунча қилиб, байрамда танқид деб кейин қўлимизни ерга туширишни хоҳламаймиз», — дея таъкидлади Тошкент шаҳар ҳокими.